10:45 / 30.05.2024
150

Абитуриентлар учун: бу йил қабулда қандай ўзгаришлар бўлади?

Абитуриентлар учун: бу йил қабулда қандай ўзгаришлар бўлади?
Фото: yuz.uz
2024 йилги қабулдан абитуриентлар янги тартиб асосида ОТМга ҳужжат топширади. Бу йилги ҳужжат топшириш олдинги йиллардан фарқ қилади. Kun.uz ўзгаришлар бўйича Билимларни баҳолаш агентлиги бўлим бошлиғи Жамшидбек Одилов билан суҳбатлашди.

Абитуриентлар ҳужжатларини қандай тартибда топширади?

Абитуриентлар жорий йилдан “аввал тест, кейин танлов” механизми бўйича ҳужжат топширади.

Биринчи босқич қабули 5 июндан 25 июнгача амалга оширилади. Бунда абитуриент тест синовида қатнашишга тегишли маълумотларни киритади. Фанлар мажмуаси: 1- ва 2-фанлар, тест топширадиган тили, тест синови топширадиган жойини киритиш биринчи босқичда ҳужжат топшириш учун етарди.

Касбий-ижодий имтиҳон топширадиган абитуриентлар эса йўналиш танлаши ҳам керак. Сабаби имтиҳон шу асосида ўтади. Бундан ташқари, бу йўналишдаги абитуриентлар ўзи касбий-ижодий имтиҳон топширадиган ОТМни ҳам танлайди. Қаерда имтиҳон топширгани абитуриентнинг ўша ерда ўқиши шартлигини англатмайди. Қаерда ўқишларини кейинги босқичда тўплаган баллига қараб танлашади.

Кейин июл-август ойида имтиҳонлар бўлиб ўтгач тўплаган баллига қараб ўз имкониятларини баҳолай олади ва кейин йўналиш танлаши мумкин бўлади.

Иккинчи босқичда ҳужжат топширишга 15 кун вақт берилади. Бу пайтда абитуриент 5 тагача йўналиш, танлов устуворлиги, таълим шаклини танлайди. Қабул тугагач, 1 ҳафтадан сўнг якуний мандат эълон қилинади.

Сертификат олишга улгурмаганлар учун ечим борми?

Бу йилдан ҳужжат топширишнинг олдинроқ амалга оширилиши абитуриентлар учун ноқулайликлар туғдириши мумкин. Сабаби чет тилидан сертификат олиш учун июн ойида имтиҳон топширадиганлар бўлиши мумкин. Масалан, июн ойида IELTS имтиҳони 13, 26 июн саналарида, июлнинг бошида эса 6 июлда ўтказилиши кўрсатилган экан. Абитуриентлар бу саналарда ҳам ҳужжат топшириш учун рўйхатдан ўтган бўлиши мумкин, сабаби улар қабул кечроқ, 20 июндан 20 июлгача бўлишини ҳисобга олишган. Лекин бу йил бу муддат ўзгаряпти ва бунга абитуриентлар айбдор эмас. Улар учун қандайдир ечим таклиф қилинадими?

Жамшид Одиловнинг жавобига кўра, уларга қўшимча муддат берилиши ҳақида ҳеч қандай режа қилинмаган. Сабаби агар рўйхатга олиш муддати узайтириладиган бўлса, мандат жавоби чиқиши кечикиб кетиши ва янги ўқув йили бошлангунгача ишларни тугатишга улгуриб бўлмаслиги мумкин.

Шунинг учун барча абитуриентлар 25 июнда қабулнинг биринчи босқичи тугашини ҳисобга олиши шарт.

Имтиёзли абитуриентлар учун

Қабул муддатининг илгарироққа сурилиши тавсияномалар билан ОТМга ҳужжат топширадиган абитуриентларга, имтиёзлиларга ҳеч қандай таъсир кўрсатмайди. Уларнинг тавсиянома ва имтиёз берувчи бошқа ҳужжатлари тегишли вазирлик, идоралар томонидан Билимларни баҳолаш агентлиги базасига вақтида юклаб берилади.

Бундан ташқари, улар учун имтиҳон тартиби ҳам ўзгармаган. Имтиёзли абитуриентлар ҳам барча абитуриентлар қатори аввал имтиҳон топшириб кейин йўналиш танлашади ва тўплаган балларига қараб аввал алоҳида квота доирасида танловда қатнашишади.

Квоталар тақсимланиши – абитуриентлар фойдасига

Бу йил квоталар ОТМ кесимида эмас, балки йўналишлар кесимида бўлиши айтилди. Бу дегани талаба қайси ОТМга кириш имконияти бўлиши ёки йўқлигини олдиндан баҳолай олмайдими?

Йўқ, ундай эмас. президент фармонига қаралса, унда давлат гранти асосида шакллантириладиган квотада ўзгариш бўлган. Тўлов-контракт квотасида ўзгариш йўқ. Контракт квотаси одатий тарзда ОТМ кесимида шакллантирилади.

Соддароқ қилиб айтсак, Тошкент давлат тиббиёт академиясининг “Даволаш иши” йўналишига 300 та квота ажратилган ва 50 таси грант тарзида белгилаб берилган. Жорий йилдан эса грант квота ОТМ кесимида бўлинмасдан фақат йўналишнинг ўзига ажратилади. Масалан, “Даволаш иши” йўналишига республика бўйича жами 500 та квота ажратилади. Грант квотанинг ОТМга қандай тақсимланиши билимли абитуриентларнинг қайси йўналиш ва ОТМни танлаганига боғлиқ бўлади. Қанча кўп билимли абитуриент бир ОТМни танласа, ўша ОТМда грант квота кўпроқ бўлади. Бунда бир ОТМнинг йўналишига ажратилган грант квотаси умумий квотанинг 50 фоизидан ошиб кетмаслиги белгилаб қўйилган
”, деб тушунтирди агентлик масъул ходими.

Бу йил қанча абитуриент ҳужжат топширади?

Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги 2024/2025 йилги қабулда 1 млн абитуриент ОТМга ҳужжат топширишини прогноз қилмоқда. Лекин 1 млн 200, 1 млн 250 минг нафар абитуриент имтиҳон топшириши учун шароит қилинмоқда.

ОТМ ва профессионал таълим муассасаларига қабул битта бўлади

Президент фармонида абитуриентлар тўплаган баллига қараб аввал ОТМнинг бакалавриатига, сўнг профессионал таълим муассасаларига танловда қатнашади, дейилган.

Жамшид Одиловга кўра, бу ОТМ ва профессионал таълим муассасаларига қабул ва имтиҳонлар бир вақтда амалга оширилишини англатади. Абитуриент ҳужжат топшириш пайти фақат имтиҳон топшириш учун рўйхатдан ўтади ва тест топширади.

Сўнг тўплаган баллига қараб хоҳласа, иккинчи босқичда ОТМ ва йўналиш танлаб рўйхатдан ўтади. Балли етса, ОТМда ўқишни танлаши ёки ўша балли асосида профессионал таълим муассасаларидан бирини танлаши мумкин.

Абитуриентларга тавсия

Абитуриентлар рўйхатдан ўтаётган пайти имтиҳон топширадиган фанларни танлаётганда эҳтиёт бўлишлари керак. Сабаби улар йўналишни кейинги босқичда танлашади. Шунинг учун қайси йўналишга қайси фандан имтиҳон бўлишини батафсил ўрганиб чиқишлари керак.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Абитуриентлар учун: бу йил қабулда қандай ўзгаришлар бўлади?