19:00 / 06.06.2024
63

Болалар ёзувчиси: “Болалар учун телефоннинг хавфи машина уриб кетишидан кам эмас”

Болалар ёзувчиси: “Болалар учун телефоннинг хавфи машина уриб кетишидан кам эмас”
Мактабгача ёшдаги болаларни китобга қизиқтириш бўйича мутахассис, болалар ёзувчиси Динара Мўминова Kun.uz билан суҳбатда болалар адабиёти қандай бўлиши кераклиги, болаларга қандай китоблар таклиф қилиш лозимлиги, уларни экранга эмас, китобларга қизиқтириш усуллари ҳақида гапириб берди.

Китоб болага кўрсатадиган таъсирини бошқа ҳеч бир фаолият беролмайди. Бола китоб ўқиётганда китобни ушлаш, визуал тасвирни кўриш орқали, сўнг ўқиган нарсасини тасаввур қилиш орқали мияси ривожланади. Бундай жараён у видео кўрганда содир бўлмайди.

Ижтимоий тармоқлардаги видеолар сунъий тарзда, кадрлар тез алмашиши орқали боланинг диққатини бир жойда ушлаб туради. Китобда эса бола табиий тарзда диққатини жамлайди
”, дея тушунтирди Динара Мўминова.

Унинг айтишича, китоб ўқиган болалар маълумотлар тўғри-нотўғрилигини текширишни ўрганади. Сабаби ҳозирги кунда болалар барча саволларига исталган вақти интернет орқали жавоб ололади. Лекин уларни филтрлай олиш учун болалар китоб ўқишлари керак.

Баъзи ота-оналар боласи билан китоб ўқишга алоҳида вақт сарфламайди. Улар фарзанди катта бўлса китоб ўқиб олишади, деб ҳисоблашининг сабаби ўқимайдиган болалар ҳам китоб ўқиши мумкинлигини билишмайди. Ҳатто чақалоқлар ҳам китобга қизиқиши мумкинлиги кўпчиликка нотаниш.

Африкадаги қабилалардан бирида одамларни китобга қизиқтириш учун ота-оналарга китоб бериб уларга болалари билан ўқишни таклиф қилишади. Шунда умуман китоб ўқимаган одамлар ҳам китобга қизиқиб, уни болаларига ўқиб беришга ҳаракат қила бошлашади. Кўриниб турибдики, исталган одамни китобхонликка қизиқтириш мумкин. Агар ота-оналар 2 ёшли бола ҳам китоб ўқиши мумкинлигини, уларнинг севимли қаҳрамонлари бўлиши мумкинлигини билганларида фарзандларини китобга қизиқтиришга бефарқ бўлишмасди.

Болага ёшига мос китоб бериш керак

Динара Мўминованинг таъкидлашича, болаларга ўзининг ёшига мос китоб бериш уни китобхон қилишда жуда муҳим. 2 ёшгача бўлган болаларга қалин, зич қоғозли китоблар таклиф қилиш керак.

2 ёшдан кейин 5-6 ёшгача бўлган болалар расмли китоблар ўқийди. Болага бу ёшда бериладиган китоблар ушлашга қулай ва ҳажми кичик бўлиши керак. Улар бир ўтирганда битта китоб ўқиб тугата олса, ўқишга қизиқиши янада ошади. Мактаб даврига ўтгач болаларга матнли, лекин расмлари ҳам бор китоблар бериш керак. Бу ёшда уларнинг дунё ҳақидаги саволлари кўп бўлади. Болалар китоблардан саволларига жавоб ололиши керак.

Юқори синфга ўтган болаларда эса ижтимоий мавзулар каби жиддий йўналишларда саволлар пайдо бўлади. Бу борада Скандинавия давлатларининг ўсмирларга мос китоблари яхши танлов бўла олади.

Яқинда 5 ёшли боланинг Навоий ғазалини ёдлай олмай йиғлаб турган видеосини кўрдим. Навоий 5 ёшли болага қизиқ эмас, унинг асарлари катталарга ҳам қийинлик қилади. Бола Навоий ғазалини ёдлагани билан барибир тушунмайди. Қайтага бу унинг китобдан, матндан нафратланишига сабаб бўлиши мумкин”, дейди болалар ёзувчиси.

Кўпчиликни қандай қилиб китобга қизиқтириш мумкин?

Ëзувчи ушбу саволга оид бир дастур ҳақида гапириб берди.

АҚШда одамларни китобга қизиқтириш учун “Reach out” дастури ишлаб чиқилади. Унга кўра, туғуруқхонада чақалоқларга бериладиган кийим ва ўйинчоқ совғалар орасига китоблар қўшилади.

Ундан кейин ҳам ҳар сафар педиатр кўригига борилганда оналарга чақалоғига нималар ўқиб бериши мумкинлиги, айни ҳозирги ривожланиш босқичида у қандай китобларни ўқиши мумкинлиги ҳақида маълумотлар бериб борилади. Шу тариқа миллионлаб одамларнинг китобхон бўлишига эришилади
”, дея маълумот берди Динара Мўминова.

Болаларни телефондан қандай ажратиш мумкин?

Динара Мўминованинг қайд этишича, ота-оналар экранга михланиб қолиш хавфи болалар машина серқатнов асфалт йўлда копток ўйнаши билан бир хил хавфли эканини билишганда қатъий тарзда уларга телефон бермаган бўлар эди. Телефон хавфи эса узоқ муддатдан кейин билинади.

Кичик ёшдаги болаларни телефондан ажратиш осон. Қурилмаларни болалар кўзи тушмайдиган жойда сақлаш, телефон сўраган пайти бошқа нарсаларга чалғитиш орқали қисқа муддатда болаларни телефондан узоқлаштириш мумкин.

Бундай болаларни китобга қизиқтириш учун эса уйда китоблар бўлиши, ота-она бошида шунчаки ундаги расмларни томоша қилиб ҳайратланганини кўрсатиши керак. Бола китобни кўриб уни ўтириб ўқиши кераклигини ўйлаб қўрқиб кетмаслиги учун қизиқтириш босқичма-босқич олиб борилиши керак.

“Ёмон” болалар учун ҳам китоблар бўлиши керак

Динара Мўминованинг айтишича, болалар адабиётида ёзилган асарлар болаларнинг эҳтиёжини инобатга олиши керак, панд-насиҳат йўналишидан кўра болага ёрдам берадиган йўналишда бўлиши керак:

Мен тарбияга, насиҳатга қарши эмасман. Лекин у китобда керак эмас дейман: сабаби болани олдингизга турғизиб қўйиб, унга “Кўрдингми, агар сен Қимматга ўхшаб ёмон бўлсанг, сени аждар еб қўяди”, деб тушунтирсак, у тушуниб бирданига яхши бўлиб қолмайди. Ўзи умуман катта одам ҳам “уни қиламан, буни қиламан”, дегани билан вақтида амалга ошира олмайди.

Шунинг учун матндаги қуруқ насиҳат болани яхши қилиб қўймайди, аксинча, бола “Мен ёмон эканман”, деган фикрда бўлиб қолиши мумкин. У ўзгариши учун китоб қандай қилиб буни уддалаши мумкинлигини қаҳрамон ҳаракатлари орқали кўрсатиб бериши керак.

Масалан, “Зумрад ва Қиммат” эртагида Қиммат ёмон бола бўлгани, кампирнинг уйида иш қилишни хоҳламагани учун жазоланади. Лекин у ёмон бўлишни ўзи хоҳламаган-ку. Бола ўз-ўзидан туғилиб ёмон бўлиб қолмайди. У нимагадир муҳтож бўлсагина ўзини ёмон тутади. Аслида, ҳамма боланинг орзуси – ота-онасининг кўнглидагидек фарзанд бўлиш.

Ана шу жиҳатдан китоб бола учун инструмент бўлиши керак, у китобни ўқиб ўз муаммосига ечим топа олиши керак.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Болалар ёзувчиси: “Болалар учун телефоннинг хавфи машина уриб кетишидан кам эмас”