13:11 / 13.06.2024
116

Жанубий Корея президенти: “Ўзбекистон — Марказий Осиёдаги ягона алоҳида стратегик шеригимиз”

Жанубий Корея президенти: “Ўзбекистон — Марказий Осиёдаги ягона алоҳида стратегик шеригимиз”
Фото: Президент матбуот хизмати
Корея Республикаси президенти Юн Сок Ёл Ўзбекистонга амалга оширадиган давлат ташрифи арафасида илк бор Ўзбекистон нашри — “Дунё” ахборот агентлигига интервью берди. Унда ташриф мақсади, ҳамкорлик режалалари ва Шавкат Мирзиёев ҳақида гапирди.

Шавкат Мирзиёев таклифи билан 13—15 июнь кунлари давлат ташрифи билан бўладиган Юн Сок Ёл бу катта шараф эканини айтди.

Ўзбекистон Республикаси ва Корея Республикаси кўплаб умумий тарихий ва маданий хусусиятларга эга. Мен ҳамиша мамлакатингизга сафар қилишни орзу қилганман. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жаноби олийларидан ушбу ташрифга таклиф олиш мен учун катта шарафдир”, — деди Жанубий Корея раҳбари.

Сўнг Ўзбекистон тараққиёти, мамлакат раҳбарияти томонидан амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ва демократик ислоҳотларга баҳо берди.

Унинг таъкидлашича, Шавкат Мирзиёев 2016 йилда президентлик лавозимига киришганидан буён дадил ислоҳотлар ва очиқлик сиёсатини юритиб, Ўзбекистонни мутлақо янги мамлакатга айлантирди. Мамлакатнинг юқори ўсиш салоҳиятига эга бозори, катта миқдордаги ишчи кучи ва геосиёсий аҳамияти уни халқаро компаниялар учун бизнес юритиш ва инвестициялар киритиш учун жуда жозибадор маконга айлантирмоқда.

Бир пайтлар мутлақ қашшоқ мамлакат бўлган Корея Республикаси ташқи дунёга очилиш, иқтисодиётини либераллаштириш ва халқаро ҳамжамият билан яқин ҳамкорликда коррупцияга қарши курашиш орқали иқтисодий ва ижтимоий тараққиётга эришди. Ушбу тажрибага асосланиб, Корея Республикаси Ўзбекистоннинг ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди ҳамда бундан кейин ҳам республикани ижтимоий-иқтисодий ва демократик ривожлантиришда мамлакатингиз билан алоҳида стратегик шерик сифатида яқиндан ҳамкорлик қилади”, — деди Юн Сок Ёл.

Унинг таъкидлашича, айни дамда Ўзбекистон ва Корея Республикаси ўртасидаги муносабатлар ҳар қачонгидан ҳам ўзаро манфаатли мазмун касб этган.

Бугун дунё мураккаб глобал инқирозга юз тутаётган экан, мен бундай вазиятни ўзаро иқтисодий ҳамкорликни янада диверсификация қилиш ва чуқурлаштириш, жумладан, муҳим фойдали қазилмаларни етказиб бериш занжирини ривожлантириш учун имконият деб ҳисоблайман. Ушбу ташриф чоғида ҳукуматларимиз ва бизнес вакиллари ўртасидаги музокараларнинг амалий натижаларини кўришга умид қиламан”, — деди Жанубий Корея президенти.

Юн Сок Ёлнинг қайд этишича, Шавкат Мирзиёев минтақадаги қўшнилар билан шериклик муносабатларини мустаҳкамлашни мамлакат ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири этиб белгилаб, минтақавий ҳамкорликда етакчи ўрин тутмоқда.

Ўзбекистон қўшни Қирғизистон ва Тожикистон билан чегара ва сувдан фойдаланиш масалаларига тўғри ечим топаётганини, халқаро ҳамжамиятнинг Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни ўрнатиш борасидаги саъй-ҳаракатларида фаол иштирок этаётганини тан оламиз ва эътироф этамиз”, — деди президент.

Келгусида Корея Республикаси ҳукумати Марказий Осиёнинг бешта давлати билан Марказий Осиё стратегиясини амалга ошириш бўйича маслаҳатлашувлар ва яқин ҳамкорликни давом эттиришини таъкидлади.

Айни пайтда минтақадаги асосий ҳамкор ва биродар давлат бўлган Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ва келажакка йўналтирилган ҳамкорликни янада мустаҳкамлайди”, — деди Юн Сок Ёл.

Интервьюда Юн Сок Ёл Ўзбекистондаги корейс диаспораси ҳақида ҳам фикр билдириб ўтди. Унинг билдиришича, Ўзбекистонда 172 минг корейс истиқомат қилади. Бу Марказий Осиёда яшаётган 300 минг корейслар умумий сонининг энг катта кўрсаткичидир. Корея Республикаси ҳукумати бундан буён ҳам ўзаро муносабатларни янада ривожлантириш мақсадида корейс диаспорасига эътибор қаратади ва қўллаб-қувватлашни давом эттиради.

Ўзбек халқи бундан 87 йил олдин Узоқ Шарқдан кўчиб келган кореялик ватандошларимизга қайноқ бағридан жой бергани учун жуда миннатдормиз”, — деди Юн Сок Ёл.

Корея Республикаси президентининг маълум қилишича, Ўзбекистонга давлат ташрифи давомида Шавкат Мирзиёев билан турли йўналишларда, жумладан, энергетика ва инфратузилма, соғлиқни сақлаш ва тиббиёт, иқлим ва атроф-муҳит, фан-техника, таълим каби соҳаларда икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришни муҳокама қилиш режалаштирилган.

Корея Республикаси Ўзбекистон билан илғор фан ва технологиялар, жумладан, АКТ, сунъий интеллект учун яримўтказгичлар соҳасида илмий-тадқиқот ва ишланмалар ҳамда гуманитар алмашинувлар йўналишида ҳамкорликни мустаҳкамлаб, биргаликда Марказий Осиёда инсониятни илмий ва технологик ютуқларга етакловчи юқори технологияли хаб барпо этиш ва XXI асрнинг инновацион Ипак йўлини яратишга умид қилмоқда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Жанубий Корея президенти: “Ўзбекистон — Марказий Осиёдаги ягона алоҳида стратегик шеригимиз”