314
“Азизим” қўшиғи орқали танилган Жасурбек Жабборов Паркинсон касаллигидан қандай тузалганини айтди
“Азизим”, “Шаҳнозалар”, “Келасанми” қўшиқлари билан мухлислар қалбидан жой олган хонанда Жасурбек Жабборов тўрт йиллик танаффусдан сўнг илк бор “Дарё” мухлислари учун интервью берди. Хушовоз хонанда Паркинсон касаллигига чалинган эди. У Ҳиндистонда мураккаб операцияни бошдан ўтказиб, касаллик даври қандай кечгани ҳақида сўзлаб берди.
— Менда бу касаллик бошланганига саккиз йил бўлди. Аввалига ўнг тарафимдан бошланди, депрессияга тушиб қолардим. Ҳеч кимга билдирмай ўзим шифокорга текширтириб юрдим. Дорилар таъсир қилмади, касаллик кучайиб кетаверди, 4-5 йил уйдан чиқолмай қолдим. Шукрлар бўлсин, охири барибир енгиб ўтдим, — дейди Жасурбек Жабборов.
— Оилам чет элга олиб бориб даволатамиз, дейишганда йўқ дегандим. Сабаби муолажалар у ерда арзон эмас, биласиз. Ўзимизда давоси топилмагач, Ҳиндистонга бориб фақат муолажа олиб қайтмоқчи бўлдим. Операция режада умуман йўқ эди. Лекин операция қилишди, ҳозир анча яхшиман.
Қашқадарёдан тўйдан қайтаётганимизда автоҳалокатга учрадик, жуда қаттиқ қўрқув бўлди. Шундан тўрт ой ўтиб касаллик бошланди. “Атиргуллар очди чирой”ни ёзгандик, 2015 йиллар эди. Эрталабдан ўнг тарафимда қалтироқ бошланарди. Докторлар аввалига ташхис қўйишолмади, кейин Паркинсон касаллиги дейишди. Унга ҳали даво топилмаган экан, ишонгимиз келмади. Паркинсон кўпинча 50 ёшдан ошганларда кузатиларкан, лекин менда автоҳалокатдаги қўрқув туфайли бўлди деб ўйлайман. Чунки рўпарадаги машина билан қарама-қарши келиб қолгандик, — дейди хонанда.
— Бошидан ўтган табиб деганларидек, бу касаллик бўйича мутахассис бўлиб кетдим десам ҳам бўлади (кулиб). Интернетда қандай маълумот бўлса ҳаммасини ўқиб чиқдим. Паркинсоннинг давоси фақат операция, вақт ўтказмасдан операция қилиш керак, чунки жуда тез ривожланади. Менда касаллик шунчалик кучайиб кетдики, овқат ейишга, чайнашга қийналдим. Аллоҳга шукр, соғлиғимни қайтариб берди. Бу тузалганимдан кейинги тарихда қоладиган суҳбат бўляпти, — дейди Жасурбек Жабборов.
— Операция тугаб, наркоз тарқаганидан кейин ҳам бир ой шифокорлар назоратида бўлдим. Санъаткор эканлигимни билиб у ерда мени “сингер, сингер” деб юришди (кулиб). Шифокорлар ҳам бир-бирига мени кўрсатиб, операциядан зўр чиқди, жуда муваффақиятли ўтди, дейишарди. Чунки кўпчиликда мимикалар қотиб қолиш ҳолати ҳам бўларкан. Бунинг барчаси Аллоҳдан, халқ дуосидан, дедим. Ишонасизми, мухлисим Грузиядан Ҳиндистонга кўргани келиб, “Атиргуллар очди чирой”ни айтиб берди. Халқимиз дуодан тўхтамади, жуда хурсанд бўлдим, — дейди санъаткор.
“Атиргуллар очди чирой” қўшиғини саккизта давлат — қўшни Қозоғистон, Қирғизистон қўшиқчилари, уйғур қардошларимиз, Тожикистон ва Ҳиндистон санъаткорлари куйлаган. Қўшиқ устоз санъаткор Козим Қаюмовга тегишли.
— Халқдан ёрдам сўраш фикри таржимонимиздан чиқди. Видеоларим тарқалгач 12 кун ичида 40 минг АҚШ доллари йиғилди. Хонандалар ҳам ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида видеони халққа етказишда ҳисса қўшди, — дейди Жасурбек Жабборов.
Хонанда унга халқ беминнат ёрдам қўлини чўзганидан миннатдор эканлигини айтди. Укаси билан биргаликда ўзи ҳам ёрдамга муҳтож болалар даволаниши, операция харажатларини қоплашда хайрия гуруҳи ташкил қилгани ҳақида маълум қилди.
— Ижодга қайтиш ниятим бор, лекин яна бир оз вақт керак. Рақобат кучли, яхшилаб тайёргарлик кўрганимдан сўнг қўшиқ куйлайман. Халқ кўп кутди, шунга яраша ижод намунаси тайёрлаш керак-да. Тилагим, ҳамма соғ бўлсин, ҳеч ким ҳеч қачон дард чекмасин, — дейди хонанда. “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
2026 йилда бўлажак мундиалнинг фаворитлари рейтинги тақдим этилди
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»