11:59 / 25.07.2024
147

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жазирамадан эҳтиёт бўлишга чақирди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги жазирамадан эҳтиёт бўлишга чақирди
Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги
Ўзгидромет хабарига кўра, 25-29 июл кунлари Ўзбекистонда жуда иссиқ об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Хусусан, республиканинг аксарият ҳудудларида ҳарорат кундузи 40-43 даражагача, жанубда ва чўл ҳудудларда 44-45 даражагача кўтарилиши прогноз қилиняпти.

Хўш, бундай об-ҳаво шароитида аҳоли ўз саломатлигини асраш учун қандай тавсияларга амал қилиши керак?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати жазирама кунларда, энг аввало, болалар, қариялар, ҳомиладор аёллар ва сурункали касалликлардан азият чекаётган беморлар ўз соғлигига янада эътиборли бўлишлари зарурлигини эслатди.

Соат 10:00 дан 17:00 га қадар соя-салқин жойларда бўлиш тавсия этилади.

Ташқарига чиқиш лозим бўлса, табиий, ёрқин рангдаги, пахта матосидан бўлган либослар ва енгил бош кийим кийиш ҳамда қуёшдан ҳимояловчи кўзойнак тақиш мақсадга мувофиқ.

Иссиқ об-ҳавода кунига 3 литрдан кам бўлмаган миқдорда суюқлик ичиш зарур. Бироқ паст ҳароратдаги салқин ичимликларни ичишдан тийилиш керак.

Газланган, энергетик ва алкогол ичимликлар, қаҳва истеъмол қилмаслик лозим. Ёғли, дудланган таомлар тановул қилмаслик, аксинча кўпроқ мева-сабзавотлар истеъмол қилиш тавсия этилади.

Кун давомида илиқ душ қабул қилиш, вақти-вақти билан баданни совуқ сувда намланган дастрўмол билан артиб туриш ҳам танани ҳаддан зиёд қизиб кетишдан сақлайди.

Қуёш уриши — энг хавфли ҳолат бўлиб, жабрланувчида кўнгил айниши, бош айланиши, қусиш, бурундан қон кетиши, қулоқларда шовқин, кўриш қобилиятининг бузилиши, юрак уриши ва нафас олиш кучаяди. Ҳатто айрим пайтларда тутқаноқ тутиш, алаҳсираш, галлюцинация кузатилиши ва бемор ҳушини йўқотиши мумкин.

Бундай пайтда беморни, энг аввало, салқин жойга кўчириб ўтказиш лозим. Сўнг горизонтал ҳолда ётқизиб, оёқларини сал кўтариш, кийимларини ечиш, юзини совуқ сувда ювиш ва бирор хўлланган матони юрак соҳасига қўйиш керак. Шунингдек, унга салқин ичимлик ёки қатиқ ичириш ва зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш лозим.

Маълумот учун, мамлакатда жазирама ҳаво кузатилаётгани боис Соғлиқни сақлаш вазирлигининг алоҳида назорати йўлга қўйилди.

Ҳудудлардаги барча бирламчи тиббиёт муассасаларида патронаж хизматлари кучайтирилиб, сурункали касалликларга чалинган ётоқ шароитидаги беморларга ўз вақтида зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.

Шунингдек, мамлакат бўйлаб 2 852 та тез тиббий ёрдам бригадаси аҳолидан бўладиган чақириқлар учун доимо шай ҳолатда.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, унинг ҳудудлардаги 13 та филиали, туманлардаги шошилинч тиббий ёрдам қабул бўлимларида ҳамда туманлараро қўшма шикастланишлар ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида 24 соат давомида навбатчи шифокор ва ҳамширалар фаолият юритади. Ушбу муассасалар зарур дори-дармонлар билан таъминланиб, захира ўринлари яратилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Соғлиқни сақлаш вазирлиги жазирамадан эҳтиёт бўлишга чақирди