18:23 / 11.08.2024
291

Рига аэропортидаги редиска, кўк пиёз ва кўкатлар

Рига аэропортидаги редиска, кўк пиёз ва кўкатлар
Шўро даврида ҳам ёш ёзувчиларнинг семинарлари, турли анжуманлари бўлиб турар, уларда таниқли адиблар қатнашиб, ёш шоир, ёзувчи, драматургларнинг асарларини муҳокама қилар, энг яхшилари Москвада чиқадиган турли нашрларга тавсия этиларди. Ана шундай семинарларда кўплаб истеъдодли шоир ва ёзувчилар кашф қилинган эди...

Камина ходимингиз шундай семинарлардан бирида қатнашганман. 1986 йил апрель ойида Болтиқ денгизи бўйидаги Юрмаланинг Дубулта қўрғонида (у ерда ёзувчиларнинг Ян Райнис номидаги ижод уйи бор эди) бир пардали пьеса ёзадиган драматургларнинг Бутуниттифоқ семинари бўлди. Унда менинг «Рапорт» деган бир пардали пьесам муҳокама қилинди. «Рапорт»ни москвалик драматург Эдуард Бобров таржима қилди ва Москвада нашр этиладиган бир пардали пьесалар тўпламига киритилди.

Ушбу сафар давомида эсимда қолган баъзи воқеаларни азиз ўқувчиларга ҳикоя қилиб беришни лозим топдим.

Анжуманга умр йўлдошим Дилдор билан бордим. 15 апрель куни Москвага учдик. Бу пайтда Тошкентда 25 даража иссиқ эди. Москвага қўнсак, ҳаво ҳарорати ноль даража, ҳамма ёқ оппоқ қор, изғирин. Аэропорт биносига кириб, чамадонимизни олиб, иссиқ кийимларимизни кийгунимизча бўларимиз бўлди. Сафаримиз бошланмасдан шамоллаб қолмасак эди, деган хавотирда юрдик. Хайрият, Аллоҳ асради, икковимизга ҳам ҳеч нима қилмади.

Эртаси куни Ригага учдик. Самолёт Латвияники экан, стюрдесса самолёт машрутини, йўловчилар риоя қилиши керак бўлган тартиб-қоидаларни латиш тилида эълон қилди. Охирида энсаси қотган каби икки жумла рус тилида гапирди. Ўша самолёт командирининг фамилияси Кабиров экан. Тошкентга қайтиб келгач, журналист Лутфулло Кабировга, акангиз Латвияда учувчи экан, айтмабсиз-а, деб ҳазиллашдим.

Аэропортда Тошкентга қайтадиган паттамизни расмийлаштириб қўйиш ниятида кассага бордим. Гап шундаки, бизга Рига-Тошкент билетини очиқ сана билан, яъни учадиган кун, самолёт рейси, ўтирадиган жой кўрсатилмаган ҳолда берилган эди. Тошкент авиакассасидаги билимдон хонимлар келадиган кунингизга қараб Рига аэропортида ёздириб оласиз, ҳеч қандай муаммо бўлмайди, деган эди. Афсуски, Рига аэропортида бу гапнинг тескарисини айтди, яъни учадиган кунингиз, самолёт рейси, ўтирадиган жойингизни Тошкентда ёзиб бериши керак эди, биз очиқ билетга ёзиб бера олмаймиз. Пулини тўласангиз, бошқа патта ёзиб бераман, деди. Бу билетларга тўланган пул нима бўлади, десам, елка қисди.

Сезилиб турибди, русчани энсаси қотиб, рўйхуш бермай гапиряпти. Нима қилишимизни билмай бошимиз қотди. Рига-Тошкент рейсига икки киши учун патта пули озмунча эмас. Сафаримиз энди бошланяпти, олдимизда ўн кун турибди. Эр-хотин кайфиятимиз тушиб, ҳафсаламиз пир бўлиб қолдик. Шу маҳал миямга бир фикр келди. Апил-тапил чамадонни очдим. Тошкентда редиска чиққан эди. Бир неча боғ редиска, бошқа кўкатлардан олган эдик. Икки-уч боғ редиска, бир-икки боғ кўк пиёз, бошқа кўкатлардан қўшиб, бояги кассир аёлнинг ёнига бордим.

– Мана булар сизга Тошкентдан совға, бизда баҳор бошланиб кетган аллақачон, – дедим.

Кассир аёл буларни кўриб, кўзлари ёниб кетди. Гўё унинг олдига бир қоп тилла қўйгандай эдим. Мен индамай уни кузатдим. Аввал редискани, кейин кўк пиёзни ва кўкатларни ҳидлади. Гапнинг очиғи, биров менга бир кило қора икра берса ҳам бу қадар севинмаган бўлардим. У икки-уч мириқиб ҳидлади, роҳат қилаётгани яққол кўриниб турарди. «Ҳидлаб шунча мазза қиляпти, еса қандай ҳолга тушар экан», деб ўйладим.

– Патталарингиз қани? – деди кўзлари чарақлаб. – Менга беринг.

Патталарни узатдим. У синчиклаб ўқиди. Кейин кимгадир қўнғироқ қилди. Латиш тилида гаплашгани учун ҳеч нарса тушунмадим. Фақат Ташкент, Масква деган сўзларни англадим. Гаплашиб бўлгач, мамнун ҳолда менга қаради.

– Сизнинг паттангиз Рига-Тошкент рейсига экан, бунга иложи йўқ. Хоҳласангиз Москва орқали кетадиган қилиб билет ёзиб бераман, – деди.

– Менга фарқи йўқ. Тошкентга кетсак бўлди, баҳонада Москвани яна бир айланиб чиқамиз, – дедим кулиб.

– Жуда яхши, – деди кассир. – Фақат битта «но»си бор.

– Қанақа «но»? – ҳайрон бўлдим.

– Рига–Москва–Тошкент билети сизнинг билетингиздан арзонроқ. Мен қайтим беришим керак...

Унинг гапи оғзида қолди.

– Қайтим керак эмас, – дедим шошиб, гўё фикридан айниб қоладигандай ҳавотирланиб.

-Қандайдир ноқулай...

-Ҳеч қандай ноқулайлиги йўқ, хижолат чекманг.

Кассир билет ёза бошлади. Унгача мен яна икки боғ редиска олиб келдим. У иккита патта узатди, мен икки боғ редиска бердим.

Редискаю кўкатлар бу ерда шу қадар азизлигини Дубултада ўн кун юриб тушуниб етдим. Бунақа нарсалар у ерда анқонинг уруғи экан. Боз устига, апрель ойини Болтиқ бўйида ҳали бемалол қиш дейиш мумкин...

Ижод уйи Болтиқ денгизи соҳилида жойлашган, бир томондан Лиспиле дарёси. Ҳаво намчил, деярли ҳар куни ёмғир ёғади. Биз каби серқуёш ўлкалардан келганларни ёмғир ва нам ҳаво эзиб юборади.

Мирдза деган хизматчи аёл бор. Доимо кулиб, хушчақчақ юради.

Бир куни эрталаб соат ўнлар эди. Деразадан қарасам Мирдза ҳовлида шўх-шодон юрибди, осмонга қараб қаҳ-қаҳ уриб кулади. Ҳайрон бўлиб пастга тушдим. Салом-алик қилдим-да, сўрадим:

– Бугун туғилган кунингми, Мирдза?

– Йўқ, – деди, – нега сўраяпсиз?

– Ахир ҳар кунгидан-да қувноқсан, кулгинг бутун ижод уйига тараляпти...

Мирдза яна ҳам қаттиқроқ кулди, икки қўлини осмонга кўтарди.

– Осмонга қаранг, кўрмаяпсизми, қуёш чиқди...

Дарҳақиқат, келганимиздан бери мен биринчи марта қуёшни кўраётгандим. Офтоб ҳам ўзимиздагидай чарақлаб тургани йўқ, булутлар орасидан ялтираб турибди. «Вой, бечора, шу қуёшга шунчалар хурсандмисан? Ўзбекистон қуёшини кўрсанг шайтонлаб қолар экансан-да», деб ўйладим. Ва юртимиз чиндан ҳам жаннатмонанд эканига яна бир бор амин бўлдим...

Бу ерда яна бир воқеа эсимда қолди.

Соҳилда денгизни томоша қилиб ўтиргандим. Чорлоқлар (чайкалар) жуда кўп эди. Улар денгизга шўнғиб, балиқ тутар эди.

Бир маҳал чорлоқларнинг барчаси баралла чариллай бошлади. Хаёлим бўлиниб, уларни диққат билан кузатдим. Қарасам, чорлоқлар тўдаси орасида битта бегона қуш пайдо бўлибди. Улар шу қушни таъқиб қилаётган экан. Бегона қуш чорлоқлар орасидан бир амаллаб ажралиб чиқди ва қоча бошлади. Чорлоқлар тўдалашиб уни қува кетди. Қизиқиш билан кузатдим. Кўздан ғойиб бўлгунча қочаверди. Чорлоқлар ҳам шу кўйи кетди, деб ўйладим. Йўқ, бир маҳал улар жам бўлиб қайтиб келди. Бегона қуш йўқ эди. Уни тутиб ўлдиришдими ёки қочиб қутулдими – билмадим.

Қушлардан ҳам кўп нарса ўрганиш мумкин экан...

Маматқул Ҳазратқулов.

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Рига аэропортидаги редиска, кўк пиёз ва кўкатлар