22:37 / 20.08.2024
151

Ўзбекистон ва Янги Дунё тартиботи: хатарлар, муаммолар ва ечимлар

Ўзбекистон ва Янги Дунё тартиботи: хатарлар, муаммолар ва ечимлар
Фото: Google Images
Янги Дунё тартиботи ўрнатилишида иккита энг муҳим асос - илм ва адолатга суяниб иш тутган давлат ёки халқ, жаҳонда барча жабҳаларда энг зўр бўлганига тарих гувоҳ.

Ватанимиз ва халқимиз Янги Дунё тартиботида Ўзбекистон ва ўзбекистонликлар номини ҳамда суверенлигини сақлаб қолиши учун, XIX аср 2-ярми ва XX аср бошида қилинган хатоларни такрорламаслиги лозим. Ўшанда, учта хонликнинг ўзаро адовати ҳамда бутун халқнинг маърифати, яъни замонавий билим, касб-малакалар ва ривожланиш учун якдил бўлмагани сабаб, мустақиллигимиздан айрилгандик.

Ушбу икки машъум хатоларни такрорламаслик учун, миллати, дини ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар, мамлакатимиздаги ҳар бир шахснинг қадр-ҳурмати бир хил сақланиши керак.

Яқин йилларда Президентимиз ташаббуси билан ўрнатилган жами қўшниларимиз билан тенг-ҳуқуқли, стратегик-дўстона ва иттифоқчи муносабатларимизни янада мустаҳкамлаб, ташқи ёвуз кучларнинг қўзғамоқчи бўлган бирорта ҳам фитна-низосига йўл қўймаслигимиз керак. 100-160 йил олдин, улар бизни шу каби низолар ёрдамида бўлиб, кейин мустамлака тарзида устимиздан бошқарувни ўрнатишганди.

Шунинг учун, ватанимиз бизнинг ҳар қачонгидан кўра ҳозир бир тан, бир жон бўлиб ривожланиш йўлида ҳаракат қилишимизга муҳтож. Дунёга машҳур аждодларимиз Имом Бухорийнинг "Нажот - илмда" ва Амир Темурнинг “Куч – адолатда” каби ҳикматларини давлатимиз ва халқимиз ҳаётимизнинг барча жабҳаларида дастур-ул амал қилиб олса, Ўзбекистон ҳеч қачон ўзлигини йўқотмайди.

Бунга тарихдан мисоллар кўп. Иқтисодий-ижтимоий ҳаёти 2-Жаҳон урушида вайрон бўлган, қолаверса, Хиросима ва Нагасаки шаҳарлари атом бомбаси билан яксон қилинган ҳолатда, бутун япон халқи илмга асосланган ҳаёт тарзига ўтган. Илм-инновацияга халқ сафарбар бўлгани учун жуда қисқа вақт ичида иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда мисли кўрилмаган Япон мўъжизасига эришиш билан бирга, япон халқи дунёдаги энг маданиятли ва интизомли халққа айланиб, дунёда Буюк Еттилик давлатларидан бири бўлишга эришди.

Ислоҳотлардан олдин корейс халқининг сезиларли қисми саводсиз бўлган бўлсада, бу халқнинг оммавий илмга жалб қилиниши натижасида, Жанубий Корея дунёдаги энг юксак ривожланган ва фаровон 20 та давлатлардан бирига айланди.

X-XI аср олдин, ҳозирги дунё ривожланиши учун тамал тошини қўйган, ўз даврида “Олтин аср”ни қурган Ал-Хоразмий, Ибн Сино, Форобий, Беруний ва Фарғоний каби кўплаб аждодларимиз дунёда Биринчи Ренессансга сабабчи бўлишган. Европадаги Уйғониш давридан олдин Темурийлар давлатида Иккинчи Ренессанс жорий қилинганига тарих гувоҳ.

Президентимиз 4 йил олдин ташаббус қилган Учинчи Ренессанс учун халқимизнинг ирсий ва илмий-меросий ҳаққи бор. Шунинг учун, Ўзбекистон халқи бир тан бир жон бўлиб, Ренессанс устозлари бўлмиш аждодларимизга эргашиб, илм-маърифатда инновациялар қилиши лозим. Биринчи Ренессансдан олдин, буюк аждодларимиз ўз даврининг халқаро фан, таълим, мулоқот ва тадбиркорлик тили бўлган араб тилини ўрганиб, шу тил воситасида инқилобий инновациялар қилишган.

Шу каби, ҳозирги кунда, халқимиз, айниқса 40 ёшгача бўлган ёшларимиз, билим ва маълумотларнинг 85-90 фоизи жамланган халқаро фан, юксак технология, рақамлаштириш, инновациялар, бизнес ва мулоқот тили бўлган инглиз тилини ўрганиши лозим. Чунки, таржима билан илм ўрганилса, вақт ва замонда орқада қолишлик ҳаммага маълум ҳақиқатдир. Ҳозирда фан, технология ва инновациялар ривожланган Япония, Жанубий Корея ва Хитой халқлари ҳам инглиз тилини ўрганиб, барча соҳаларда ривожланишга эришяпти.

Шулардан келиб чиққан ҳолда, 3-Ренессанс учун йўл хариталари бўлган ва амалий исботга эга қуйидаги 7та таклифларни билдириб ўтмоқчиман:

1) Ишга муҳтожларни смарт касблар, инновацион ва юксак технологик ҳаётий ёндашувларини яратиш мақсадида хайрихоҳ халқимиз учун халқаро фан-талим, юксак технология-инновациялар ва бизнес-мулоқот тили ва воситаси инглиз тилини “Нолдан B2 (компетент) даражада халқаро сертификат билимига ўттиз кунда жиддий тарзда ёки жуда оддий ҳолда 60-90 кунда шартли-кафолатли ўз уйларида қулай ўргатишни таъминлаш.

2) Доимо янгиланиб, бойитилиб борадиган юқори технологик-инновацион смарт касбларни халққа онлайн назарий инглизчада ўргатиш ва жойларда айниқса мономарказларда етук профессионал экспертлар томонидан амалий ўзлаштиришларини таъминлаш ва халқаро смарт касблар сертификатларини тақдим қилиш.

3) Канада, Австралия ва Япония каби ўттиздан ортиқ юксак ривожланган Европа, Жанубий ва Шарқий Осиё давлатларида Халқаро тил ва смарт касбларга сертификатли халқимиз вакилларини тайёрлаб, уларни биринчидан, тажриба алмашиш, иккинчидан оиласига, давлатимизга даромад ва тажриба олиб келиш учун етук ва қадрли кадрлар сифатида юбориш.

4) Статистика бўйича Ўзбекистон аҳолисининг 80 фоизи ҳовли-жойда яшашини ҳисобга олган ҳолда, халқаро тил ва смарт касб сертификат билимларига халқимиз вакилларини тайёрлаб, ўз уй-жойларида инновацион-юксак технологик билим ва ёндашувга асосланган ҳаёт тарзини ва тадбиркорликни жорий қилган ҳолда, кичик ва ўрта бизнес-иқтисодиёт локомотивини яратиш ва Ялпи миллий маҳсулот ҳажмини бир неча мартага ошириш.

5) Халқ таълимида 8, 9, 10 ва 11-синфлар ўқувчи ва устозларига “Хорижий тилни нолдан B2 (компетент) даражада рекорд қисқа вақтда ўзлаштириш”ларини таъминлаб, ҳар бир мактабда Президент мактаби андозасидаги Стеам ёки Стем халқаро тан олинган мактаб таълимини жорий қилиш. Бунда: саноқли Президент мактабларидаги саноқли ўқувчиларимиз учун ҳаддан ташқари юқори харажатлар сарфланса, бу ислоҳот натижасида, деярли ҳеч қанча харажат натижасида олтин генофондимиз-тўлақонли олтин бошларимиз келажагимиз учун енгилмас куч бўлиб тайёрланади.

6) Олий таълимдаги талабаларимиз ва ўқитувчиларга “Хорижий тилни нолдан B2 (компетент) даражада” ва зарур бўлганда “B2 дан C1 ёки C2 даражада” ўзлаштиришларини шартли-кафолатли таъминлаб, олий таълимдаги талабга умуман жавоб бермайдиган қолоқ ўқув дастуридан воз кечиб, юксак ривожланган дунёнинг топ ўнталик университетлари ўқув дастурларини асл тилида жорий қилиш.

7) Глобал Жануб, Глобал Шимол, Глобал Шарқ ва Глобал Ғарбни боғловчи зўр геостратегик манзилимиздан фойдаланиб, Олтин кўприк вазифасидаги “Инновацион-юксак технологик олий таълим хаби“ни Ўзбекистонда ташкил қилиш учун “Хорижий тилларни нолдан B2 га ўттиз кунда” ва “B2 дан C2 га хорижий тилни бир неча ойда ўзлаштириш”ни шартли-кафолатли таъминлаган ҳолда, дунёнинг топ ўнталик университет филиалларини ўзимизда очишимиз ва Марказий Осиё ва бутун дунё талабаларини Ўзбекистонга жалб қилишимиз керак. Ҳозирги замон фан – техникаси тамал тошини қўйган ўз даврининг Фанлар Академияси бўлмиш Байтул Ҳикманинг раҳбари ва ўринбосари бўлган аждодларимиз сингари Президентимиз 2020 йил мустақиллик кунида олға сурган 3- Ренессанс учун бизда ҳам ирсий ва ҳам илмий-меросий ҳуқуқимиз бор.

Абдулазиз Ҳожиев, Тилшунос,
инглиз-немис тиллари мутахассиси

Манба: Daryo.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистон ва Янги Дунё тартиботи: хатарлар, муаммолар ва ечимлар