20:20 / 18.09.2024
32

Бойсундаги газ конида содир бўлган янги авария оқибатида 4 киши ҳалок бўлди

Бойсундаги газ конида содир бўлган янги авария оқибатида 4 киши ҳалок бўлди
Фото: Сурхондарё вилояти ҳокимлиги
Сурхондарёнинг Бойсун туманидаги “Мустақилликнинг 25 йиллиги” газ конида содир бўлган янги авария оқибатида 17 сентябрь куни тўрт киши ҳалок бўлди. Бу маълумотни Ўзбекистон президенти матбуот котиби Шерзод Асадов тасдиқлади.

Унинг сўзларига кўра, ҳалок бўлганлар конда ишлаган пудратчи ташкилот ходимлари бўлган. Уларнинг шахсига аниқлик киритилган.

Маълум бўлишича, ҳалок бўлган ходимларнинг икки нафари Қашқадарёнинг Ғузор туманидан, яна икки нафари Бойсундан бўлган. Уларнинг дафн маросими 18 сентябрь куни бўлиб ўтган. Вазирлик ва идоралар томонидан уларнинг яқинларига тегишли ёрдам кўрсатилган.

18 сентябрь куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Бош прокуратура вакиллари авария оқибатида икки киши ҳалок бўлгани ростми, деган саволга тасдиқ жавобини берди.

Ўлим ҳолати бўлган. Воқеа оқибатида икки нафар шахс вафот этган. Яна тан жароҳати олганлар ҳам бор. Ҳозир ҳолат юзасидан тергов олди ҳаракатлари олиб борилмоқда. Натижаси бўйича маълумот берилади”, деди Бош прокуратура бошқарма бошлиғи Ўктам Ўтаев.

Шерзод Асадовнинг маълум қилишича, президент Шавкат Мирзиёевга ҳодиса содир бўлиши биланоқ хабар берилган. У тегишли топшириқлар бериб, реал вақт режимида вазият ҳақида маълумот олмоқда.

Ҳодиса содир бўлган жойга масъул вазирлик ва ташкилотлар раҳбарлари етиб борган. Маҳаллий тузилмаларга авария оқибатларини бартараф этишда ёрдам бериш учун хорижий мутахассислар жалб қилинган.

Ҳодиса тафсилотлари ва бошқа маълумотлар кечқурун Бойсун туманида бўлиб турган фавқулодда вазиятлар ва энергетика вазирлари томонидан эълон қилиниши кутилмоқда.

Нима бўлган эди?

1 сентябрь куни соат 15:17 да Сурхондарё вилояти Бойсун тумани “Кўлқамиш” МФЙ ҳудудида жойлашган “Мустақилликнинг 25 йиллиги” конига қарашли 604-сон қудуғида бурғилаш ишлари олиб бориш вақтида технологик жараённинг бузилиши оқибатида олтингугурт (водород сулфид) гази чиқиши кузатилган.

Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кон яқинида яшовчи фуқаролар хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган. Президентнинг шахсан топшириғига асосан, Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов, Фавқулодда вазиятлар вазири Абдулла Қўлдошев, Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов ҳамда “Ўзбекнефтгаз” бошқарув раиси Баҳодир Сиддиқов ҳодиса жойига етиб борди.

Барча тегишли вазирлик ва ташкилотларни жалб этган ҳолда, Тезкор штаб ташкил қилингани техноген офат асоратларини бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилди.

15 сентябрь куни соат 16:50 да сизиб чиқиш тўхтатилди. Мазкур конда 17 сентябрь куни яна газ чиқиш ҳолати юз берди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бойсундаги газ конида содир бўлган янги авария оқибатида 4 киши ҳалок бўлди