14:12 / 18.11.2024
24

Эскирган уйлар ўрнида замонавий кўп қаватли уй-жойлар қуриш учун қонун қабул қилиниши мумкин

Эскирган уйлар ўрнида замонавий кўп қаватли уй-жойлар қуриш учун қонун қабул қилиниши мумкин
Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг сайловдан кейинги биринчи мажлисида нутқ сўзламоқда.

Президент таъкидлаганидек, парламент қўмиталари вазирликлар билан ишлашда улар билан яқиндан ҳамкорлик қилишга аҳамият берса, айни муддао бўлади. Энг катта камчилик – вазирликлар қуйи бўғинда, айниқса, туман ва шаҳар даражасида самарали иш ташкил эта олмаяпти. Энди аҳоли билан бевосита мулоқот қилиб, одамларни қийнаётган муаммоларни жойида ҳал этиш улар учун бош вазифа бўлиши керак.

Бундан буён ҳар бир раҳбар ва мутасадди фаолиятига айнан шу мезон асосида баҳо берилади. Президент депутатларни ваколатлари доирасида ўз округларидаги туман ва шаҳар даражасида сўров ва талабни ҳеч тортинмасдан кучайтиришга чақирди.

Қонун ижодкорлиги жараёни, аввало, жамиятимиздаги долзарб муаммолар ечимига, халқимизнинг оғирини енгил қилишга қаратилиши кераклиги таъкидланди. Масалан, Ўзбекистонда аҳоли сони йилига қарийб 1 миллионга ошмоқда. Бу – янги уй-жойларни кўпайтиришни тақозо этмоқда. Лекин деҳқончилик учун зарур ерлар уй-жой қуришга бериб юбораверилса, эртага қаерга экин экамиз, озиқ-овқат хавфсизлиги нима бўлади, деган саволлар долзарб бўлиб бормоқда.

Шу боис, аҳоли ва кенг жамоатчиликнинг фикрини ўрганиб, эскирган уйлар ўрнида замонавий кўп қаватли уй-жойлар қуриш учун “Реновация тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш кераклиги таъкидланди.

Сўнгги пайтларда уй-жой қуриб беришни ваъда қилган қурувчи ва унга ишониб сармоя киритган аҳоли ўртасида низолар учраётганига гувоҳ бўлмоқдамиз. Бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида фуқароларимизнинг уй-жой қурилишига жалб этилган маблағларини кафолатли ҳимоя қилишга қаратилган қонунни қабул қилиш лозимлиги қайд этилди.

Президент тиббий хизматлар сифатини ошириш, ажратилаётган маблағлар ўз эгасига етиб боришини таъминлаш учун мажбурий тиббий суғурта тизимини албатта қонун билан мустаҳкамлаб қўйиш вақти келганини таъкидлади. “Хусусий мактаб ва боғча қураман”, деган инвесторларни қўллаб-қувватлаш, уларга янада кенг шароитларни яратиб бериш масалаларига эътибор бериш лозим.

Молиявий технологиялар, рақамли “маркет-плейс”лар, “веб-сервис”, “бонд омборлари” каби янги тижорат майдонлари кундалик ҳаётимизга жадал кириб келмоқда. Шу нуқтаи назардан, франчайзинг, капитал бозори, “стартап”лар соҳасидаги муносабатларнинг қонуний асосларини яратиш зарурлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, сунъий интеллектни қўллаш орқали юзага келадиган муносабатларни тартибга солишнинг ҳуқуқий асосларини яратиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратиш жуда муҳим.

Келгуси йилда илк бор электр энергияси онлайн улгуржи бозори ишга тушади. Шу боис, иқтисодий барқарорликни таъминлашга хизмат қиладиган бу соҳада бозор механизмларини жорий қилишнинг ҳуқуқий асосларини яратишни тезлаштириш зарурлиги таъкидланди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Эскирган уйлар ўрнида замонавий кўп қаватли уй-жойлар қуриш учун қонун қабул қилиниши мумкин