Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда ўқитувчиларга бўлган ҳурмат ва эътиборни ошириш мақсадида – уларга турли «сюрприз»лар тақдим этиш тренди пайдо бўлди. Тўғриси, кўплаб ўқитувчиларнинг саҳифасидан топасиз ушбу трендни. Афсуски, ёқимли тренд сифатида қабул қилишаяпти аксарият кузатувчилар, ҳали бирор бир танқидий изоҳ ёзувчини ҳам кўрмадим. Эҳтимол, шунчаки ўқитувчига яхшилик, кайфият улашиш деб қараётгандир кўпчилик. Афсуски, бу трендни ўқитувчиларга ёқаётгани унчалик яхши сигнал эмас. Хуллас, мен жим кетолмадим. Психолог мутахасис сифатида фикримни билдиришни хоҳладим.
Бу «сюрприз»лар одатда ўқувчилар томонидан ташкил этилаяпти ёки оммага гўё шундай тақдим қилинаяпти. Аслида, илк марта қандай ҳолатда ижтимоий тармоқларда пайдо бўлганини билмайман. Турли ширинликлар ва совғачаларни ўқитувчига тақдим этишни ўз ичига олади бу тренд. Бироқ, бундай тадбирларнинг самарадорлиги ва уларнинг ўқитувчиларга бўлган ҳақиқий ҳурматни оширишга қанчалик ҳисса қўшиши ҳақида саволлар туғилиши ҳам табиий.
Бу тренднинг ижобий томони, албатта, бор. Умуман, йўқ ёки бу трендга фақат салбий образ бериш учун ёзаётганим йўқ. Мулоҳазалар қилиниши учун ёзмоқчиман.
Бунда ташқаридан оммага ўқитувчига нисбатан эътибор ва ҳурматни кўрсатиш, унинг меҳнатини қадрлаш, ўқувчиларда миннатдорлик туйғусини ривожлантириш каби ижобий жиҳатлари бор. Аммо, бундай ижобий таъсирларнинг узоқ муддатли ва ҳақиқий бўлишига шубҳа билан қараш мумкин. Чунки, бундай «сюрприз»ларнинг ташқи кўриниши ортида, аслида, ҳақиқий ҳурмат ва қадрлаш йўқлигини билиш ёки сезишимиз унчалик қийин эмас. Албатта, истисно ҳолатлар бор.
Психологик нуқтаи назардан қараганда, бундай ёндашув бир неча салбий оқибатларга олиб келиши мумкин:
Сунъийлик ва формализм: «Сюрприз»ларнинг режалаштирилган ва мажбурий тарзда амалга оширилиши, уларнинг самимийлиги ва табиийлигини йўқотади. Бу эса, ўқитувчида формализм ва сунъийлик туйғусини уйғотиши мумкин. Ҳақиқий ҳурмат эса, ташқи кўринишлардан кўра, ички самимийлик ва эътирофга асосланган бўлиши керак.
Мотивациянинг бузилиши: Ўқитувчига совғаларни тақдим этиш, унинг фаолиятига бўлган ҳақиқий мотивациясини бузади. Яъни, ўқитувчи ўз меҳнатининг самарадорлигини эмас, балки оладиган совғаларни кута бошлаши мумкин. Бу эса, узоқ муддатда ўқитувчининг профессионал ривожланишига салбий таъсир қилади.
Ўқувчилардаги нотўғри тушунчалар: Бу каби тадбирлар ўқувчиларда нотўғри тушунчаларни шакллантиради. Улар ўқитувчига бўлган ҳурматни фақатгина совғалар орқали намойиш этиш мумкин деб ўйлашади. Ҳолбуки, ҳақиқий ҳурмат ўқитувчининг билими, малакаси, инсоний фазилатлари ва ўқувчиларга бўлган муносабатига боғлиқдир.
Қиёслаш ва рақобат: Бу каби тадбирлар синфдошлар ўртасидаги қиёслашлар ва рақобатга сабаб бўлиши мумкин. Баъзи ўқувчилар кўпроқ, баъзилари камроқ совға олишлари – бу ўқувчилар ўртасида норозилик ва тенгсизликни келтириб чиқаради.
Шунинг боис, ўқитувчиларга бўлган ҳурматни ошириш учун, ташқи кўринишларга эмас, балки ҳақиқий ҳурмат ва қадрлашга асосланган самаралироқ усулларни қўллаш лозим. Бу усуллар ўқитувчиларнинг меҳнатини эътироф этиш, уларнинг профессионал ривожланиши учун шароит яратиш, ўқувчилар билан самарали мулоқот қилишни ташкил этиш ва уларнинг муаммоларини ҳал этишга ёрдам беришни ўз ичига олиши мумкин.
Хулоса қилиб айтганда, ўқитувчиларга «сюрприз»лар тақдим этиш яхши ниятлардан келиб чиқса-да, бундай ёндашув ҳақиқий ҳурмат ва қадрлашни акс эттирмайди ва узоқ муддатли салбий оқибатларга олиб келиши мумкин. Бу худди тўй-ҳашамлардаги айрим бемаъни урф-одатларни тренд қилаётганларнинг «йўналиши»га ўхшайди. Мен буни ўқитувчи ва мураббийларга раво кўрмайман.
Ўқитувчига бўлган ҳурматни ошириш учун, янада чуқурроқ ва самаралироқ усулларни қўллаш зарур. Бундай театр томошасини эмас, албатта.
Барча устоз ва мураббийларни ҳурмат қиламан. Ва, шунинг учун ҳам уларнинг кўр-кўрона ўйлаб топилаётган трендларни чуқур ўйламасдан қабул қилиб, росмана ҳурматини йўқотишини истамаган бўлардим.
Мадина Мийтан, психолог
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Хитой Доналд Трампнинг BRICS аъзоларига нисбатан таҳдидларига жавоб берди
Сурия президенти Башар Асад мураккаб вазиятга изоҳ берди
АҚШ Грузия билан стратегик ҳамкорликни тўхтатди
Британияда эвтаназия қонунийлаштирилиши мумкин
Россияда чет эл фуқаросининг рақамли профили яратилмоқда
Эрдўған Путин билан Суриядаги вазиятни муҳокама қилди
Ливандаги сулҳ: «Ҳизбуллоҳ» чегарадан узоқлашиши керак, аммо кейин нима бўлади?
Япония бош вазири аварияга учради