11:11 / 05.01.2025
34

Кўп қаватли уйлар олди ва маҳаллаларнинг ички кўчаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилади

Кўп қаватли уйлар олди ва маҳаллаларнинг ички кўчаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилади
“Қишлоқ хўжалиги майдонларидаги қўшимча имкониятлардан фойдаланган ҳолда маҳсулот етиштиришни кўпайтиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида” президент қарори қабул қилинди.

2024 йил 30 декабр куни имзоланган қарорга мувофиқ, дала четларида, аҳоли томорқаларида, хонадонлар ва кўп қаватли уйлар олдида, маҳалланинг ички кўчаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш тартиби жорий этилади.

Санаб ўтилган жойларда маҳсулот етиштириш, уруғ ва кўчатлар етказиб бериш ҳамда етиштирилган маҳсулотларни экспортга йўналтиришни ташкил қилиш вазифаси Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлигига (ЎКҲА) юклатилди.

Агентлик йил давомида даромадли экинлар экиш ва уларни экспорт қилиш учун мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчи тадбиркорларнинг талабларини ўрганади.

Сув хўжалиги вазирлиги тегишли дала четларида сув таъминоти мавжудлиги ва ушбу ерларга экин экилиши ирригация ва мелиорация тадбирлари амалга оширилишига тўсқинлик қилмаслиги юзасидан, Агросаноатни ривожлантириш агентлиги эса тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, мева ва узум навлари юзасидан хулосаларни ЎКҲАга тақдим этади.

Агентлик ҳар йили 1 январга қадар талабни ҳисобга олган ҳолда, шунингдек, ҳар бир туман ва маҳалланинг иқлим шароитидан, бу ердаги аҳолининг тажрибасидан келиб чиқиб, экин турлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига таклиф беради. Ўсимликлар карантини ва ҳимояси давлат инспекторлари ҳар бир қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларига алоҳида бириктирилади.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларига дала четларини иккиламчи ижарага беришни ташкил қилиш учун дала четларига доир маълумотлар (жумладан, мулкчилик шакли, сув таъминотига оид) ЎКҲА томонидан “Agroko‘makchi” мобил дастурида кенг жамоатчиликка эълон қилиб борилади.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан ҳар йили 1 февралга қадар тегишли йил ҳосили учун дала четларида экин экиш ишларини ташкил этиш ва етиштириладиган маҳсулотнинг прогноз кўрсаткичлари бўйича тегишли қарорлар қабул қилинади.

ЎКҲА ҳар йили 15 февралга қадар ҳар бир контурга уруғ, кўчат тарқатадиган ва маҳсулотни сотиб оладиган тадбиркорларни аниқлаб, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларга боғлаб беради.

Дала четларидан самарали фойдаланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчиларни қўллаб-қувватлаш мақсадида:
  • ички фитосанитария сертификати бир йил давомида бепул берилади;
  • дала четларига экилган “in-vitro” усулида яратилган мевали пайвандтагли кўчатларни сотиб олиш харажатларининг 50 фоизи миқдорида, бироқ ҳар бир мевали пайвандтагли кўчатга 25 минг сўмдан ошмаган ҳолда Агросаноатни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасидан белгиланган тартибда субсидия ажратилади.

Агросаноатни ривожлантириш агентлиги Агросаноатни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармасидан маблағларни тижорат банкларининг буюртманомаларига асосан Марказий банкнинг асосий ставкасида тижорат банкларига ресурс сифатида йўналтиради. Бунда Агросаноатни ривожлантириш агентлигининг тавсиясига кўра:
  • қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилари дала четини ўзлаштириш ва маҳсулот етиштириш учун зарур бўлган уруғ, кўчатлар, минерал ўғитлар, кимёвий препаратлар, моддий-техник ресурслар билан таъминланади;
  • сув билан таъминлаш учун насос ва қувурларни ўрнатиш харажатларининг 50 фоиздан кўп бўлмаган қисмини қарз олувчининг банк карталарига ўтказиш йўли билан 6 ойгача имтиёзли давр билан 12 ой муддатга йиллик Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоизлик пункт юқори ставкада кредитлар ажратилади.

Дала четлари, каналлар, суғориш ва коллектор-дренаж тармоқларининг атрофларидаги майдонларда, аҳоли томорқаси, хонадонлар ва кўп қаватли уйлар олди ҳамда маҳалланинг ички кўчаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилишини ташкил қилишни мувофиқлаштириш бўйича республика ишчи гуруҳи ташкил этилди. Ишчи гуруҳга Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги директори И.Эргашев раҳбарлик қилади.

Шунингдек, ҳудудий ва туманлар ишчи гуруҳлари ҳам тузилмоқда.

Республика ишчи гуруҳига қуйидаги вазифалар юклатилди:
  • ҳар бир туман бўйича дала четларидаги ҳамда хонадон ва кўп қаватли уйлар олди, маҳалланинг ички кўчаларидаги ер майдонларини ўрганиб, аниқ ўлчамларини тасдиқлаш;
  • туман (шаҳар) ҳокимлари ва Кадастр агентлигининг ҳудудий бўлимлари томонидан мулкчилик ҳуқуқи аниқланмаган дала четларидан фойдаланиш ҳуқуқини белгилаш ва давлат рўйхатидан ўтказиш ишларини ташкил қилиш;
  • ҳар бир туман кесимида дала четларида ҳамда аҳоли томорқаси, хонадонлар ва кўп қаватли уйлар олди, маҳалланинг ички кўчаларида экин экиладиган майдон ва маҳсулот турларини ўз ичига олувчи маълумотлар базасини тегишли йилнинг 15 февралига қадар шакллантириш;
  • дала четларида ҳамда аҳоли томорқаси, хонадонлар ва кўп қаватли уйлар олди, маҳалланинг ички кўчаларида экиш учун ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитига мос уруғ ва кўчатлар танлаб олиниши бўйича тавсиялар бериш ҳамда агротехник тадбирларни субъектлар кесимида ташкил қилиш;
  • ҳосилдор уруғ ва кўчат навларининг, шунингдек, минерал ўғит ва кимёвий препаратларнинг ўз вақтида етказиб берилишини ташкил этиш;
  • етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сотувини, шу жумладан, "Uzex Agro" электрон савдо платформаси орқали ташкил қилиш.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Кўп қаватли уйлар олди ва маҳаллаларнинг ички кўчаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилади