18:45 / 09.01.2025
58

18+: Интернетдаги ахлоқсиз ва қонли батллари орқали машҳур блогерларни қўллаётганлар кимлар?

18+: Интернетдаги ахлоқсиз ва қонли батллари орқали машҳур блогерларни қўллаётганлар кимлар?
Фото: xabar.uz
«Биринчи шарт (сўкиниш, жаранглатиб, бор овоз билан асабий ҳолда сўкиниш) биринчи шарт эшитинглар, оғалар, эшитинглар – сочингни қирасан. Иккинчи шарт бошингни деволга қарсиллатиб урасан, учинчи шарт, учинчи шарт, ҳозир сенга шунақа шартнинг жирканчини бераман, бажармасанг эркакмассан, турган жойингда иштонингни ҳўллайсан... оғалар қани кетдик, лайк босамиз, подписка қиламиз, сизлардан жон сўрамадим, битта лайк, подписка сўрадим....»

Нима учун бу мақолага 18 ёшдан ошганлар белгиси қўйилганининг сабабини тушунгандирсиз? Чунки биз пардасиз сўзларни ишлатиб қўйишимиз мумкин, йўғе сизларга мумкинмас, дейишга шошилманг чунки, мақола энг ахлоқсиз батллари билан нафақат юртимизда, балки дунёга машҳур бўлган блогерларимиз ҳақида... Агар улар ҳақда истиҳола қилиб андиша билан ёзсак, ҳақиқий мақсадини очиб беролмаймиз, ушбу ҳатти-ҳаракатларнинг юмшоқроқ синонимлари ҳам йўқ, шу боис ўқувчидан узр сўраган ҳолда бошладик...

Тик Токдаги машҳур «мания величия» синдромига чалинган, эндиликда батллари билан YouTubeга кўчган бир блогер бор. Унинг руҳий соғломлигига шубҳа билдришимга асосий сабабларидан бири баъзан ўзи ҳақида у шундай дейди(онани қўшиб сўкинишдан бошлайди): «Биз бу ерлик эмасмиз оғалар, биз бу ерлик эмасмиз, мен ўзимни бошқа сайёрадан келгандек ҳис қилаяпман, мен шерман, мен қиролман, Тик Ток қиролиман, ўзимнинг батлларим (яъни бир-бирига шарт берадиган ўйинлар) билан бутун дунёга машҳурман, ҳали мени енгадиган блогер йўқ.

Шу батлларни деб (сўкинади) тишимни суғирдим, қошимни қирдим, қулоғимни кесдим... Оғалар бизга қўшилинг, лайк, подписка, лайк, подписка, ўзбекистонликларнинг кимлигини бошқаларга кўрсатиб қўяйлик оғалар...» Афсуски худди шундай бу жирканч шартларига қўшиб байроғимизни ҳам бошқа юртларга ҳилпиратиб намойиш қилмоқда...(Ўзбекистон бу кетишда шунақа блогерлари билан машҳур бўлмаса эди?!)

Фото: очиқ манбалар
Мен бу блогернинг номини атай айтмоқчи ва реклама қилмоқчи эмасман, афсуски у битта эмас, ундайлар ўнлаб, яна кўпаймоқда... Бундай блогер билан «танишишим»га сабаб «агар қиз фарзанд туғилса ахлатга отаман» деган гапи ва бу ортидан жавобгарликка тортилгани бўлган. Ўша блогернинг минг-минглаб обуначилари бор. Ва бу блогернинг ўйнаган батлларини кўрсангиз, одам боласи ҳам шу қадар тубан бўлиши мумкинми, деб ўйлайСИЗ, лекин яна бошқа СИЗлар ҳам борки, унинг ишини қўллаб-қувватлайди... Кимлардир уни «ўла шунақа қилиб пул топгандан кўра, эркакман деб юрибсанми» деб айбласа, яна кимлардир «майли нима қилиб бўлсаям пул топаяптику ёки ўзи шундай бўлсаям одамларга ёрдами тегаяпти», деб ёзади... мана шу ерда бу одамлар манипулиация қурбони бўлганини англаш қийин эмас.


Мазлум ҳар доим ҳақми?

Ҳа бизга шундай деб ўргатишган, мазлум ҳар доим ҳақ, лекин у ўзини мазлумликдек кўрсатаётган фирибгар бўлса-чи? Бугунги интернет талатўп замонида айнан шуни ажратиб олишимиз керак?

«Мазлум» сўзининг кенгроқ таърифи диний манбаларда шундай таснифланади: «Мазлум» сўзи «зулм»дан олинган. Зулм – бир нарсани ўз еридан бошқа ерга қўйиш, жабр, ҳаддан ошиш каби маъноларни англатади. Мазлум – зулм кўрган шахс, яъни ҳаққи поймол бўлган, ҳаққига тажовуз қилинган кишидир. Моли ноҳақдан тортиб олинган одам, ҳақсиз дилига озор берилган инсон мазлум ҳисобланади.

Келинг мазлум ҳар доим ҳақ деган стереотипни нега синдиришимиз кераклигини кўриб чиқамиз.

Айнан мана шу қараш кўпчиликнинг алданишига сабаб бўлмоқда, ўзидан мазлум ва янада тушунарлироқ тилда айтадиган бўлсак «жертва», жабрдийда ясаганлар кимлар, улар ҳар доим ҳақми? Йўқ, мана қанчадан-қанча воқеаларни кўраяпмиз, ўзидан бечора ясаганлар ҳар доим ҳақ эмаслигини, демак мазлум ҳар доим ҳақ эмас, сиз у томон бўлишингиз эса ҳаром луқма еётганлар луқмасига шериклик... Хўп, бу блогернинг бир иккита одамга қилган эҳсони муҳимми ёки ўзининг ўта андишасиз батллари билан бутун келажак авлодга етказаётган зарарини билишимиз муҳимми?

Энди бу блогернинг қандай йўллар билан пул топишига қизиқиб кўрамиз ва ўзининг чиқишлари билан ёш авлодга нимани сингдираяпти ва уларга шундай пул топса ҳам бўлаверади, деган фикрни етказаётгани ҳақида. Бундай блогерларнинг сўнгги маркадаги машиналарга эга бўлиши, чет элма-чет эл саёҳатда юриши афсуски унинг издошларини кўпайтирмоқда.

Бундай блогерлар ўзбеклар номидан бошқа мамлакатлар батлхўрлари билан бир-бирига одамни эсидан оғдирадиган шартлар бериб ўйин ўйнайди. Ва бу ўйинда кимнинг доминаторлари, фанатлари кўп кузатса ва пул ташласа ғолиб бўлади. Бу батллар орасида эшак бўлиб ҳанграш, иштонини турган жойида ҳўллашдан тортиб уятли тана аъзоларини юзга, баданга чизишгача бор, тасаввур қилишнинг ўзи нақадар жирканч-а? Аммо шунга чапак чалаётанларнинг, «сен мужиксан, яшавор эркак» деётганларнинг сони қанча эканлигинику айтмай қўяқолай. Юқорида манипулиация ҳақида гапирдик. Хўп улар одамларнинг, айниқса ёшларнинг қалбига яна қандай йўллар билан кириб бораяпти, қандай ҳурматга эга бўлаяпти – мазлумга эҳсон қилиши орқали кириб бораяпти.

Улар билади, батамом қоралаб ташланмасликнинг ва обуначилар сонини кўпайтиришнинг энг ишончли йўли – қўли сахий эҳсончи бўлиш. У одамгарчилик, инсонгарчилик юзасидан қилмаяпти эҳсонни, қалбида виждони бор одам юзига уятли аъзони чизиб ёки ҳожатхона унитазига калласини тиқиб пул топмайди. Инсонийлиги бор одам ҳазар, ор қилиш деган фазилатларига эга бўлади. Бундай блогерларлар эҳсон қилишининг сабаби одамларда мана шунақа батлчи бўлсам ҳам яхши одамман деган фикрни онг остига сиздириш бор. Ва шу кичкина манипулиацияси орқали кичкинагина эҳсон қилади, ундан 100 баробар кўпроқ пул топади...Ўша пулларига кейин чет элма чет эл саёҳатга юради...

Манипулиаторни қандай таниб олиш ва уларга ишонмаслик мумкин? Бу ҳақда психолог Лариса Лебедева шундай ёзади: «Манипулиаторлар «қўғирчоқбозлар» дейилади. Манипулиатор онгли равишда, баъзан эса онгсиз равишда «объект» – ўлжасининг иродасини бўйсундириш учун алдамчи найранглардан фойдаланади. Ҳақиқий ҳис-туйғулар ва ниятларни яшириш, бошқа одамларга моддий дунёнинг жонсиз объектлари сифатида муносабатда бўлиш – бу манипулиаторнинг ўзига хос хусусиятлари. У учун муҳим нарса нарса ва ҳодисаларнинг асл моҳияти эмас (уни шунчаки қизиқтирмайди), балки бу нарса ва ҳодисалар унинг фойдасига тақдим этилиши ва талқин қилинишидир. Бирор кишига таъсир ўтказаётганда, манипулиатор одоб, масъулият ва меҳрибонлик каби «жабрланувчининг» яъни мазлумнинг оғриқли нуқталаридан фойдаланади. Манипулиацияга қарши туриш осон эмас. Инсон манипулиациядан фойдаланган ҳолда бу дунёга ёвузлик дирижёрига айланади ва эртами-кечми бу жуда қимматга тушади.

Манипулиаторлар қандай ишлайди? Турли йўллар билан: фаол усуллардан фойдаланган ҳолда одамларни бошқарадиганлар бор. Фаол манипулиатор муносабатларда ўзининг устунлигини намойиш этади, ҳал қилувчи ва ташаббускор шахс ролини ўйнайди. У суҳбатдошига ўзининг ижтимоий мавқеидан фойдаланиб, унга босим ўтказади. Фаол манипулиатордан фарқли ўлароқ, пассив манипулиатор ўзининг психологик хусусиятларига кўра ҳар қандай босимдан бутунлай маҳрумдир. Аксинча, ўзини ночор, тор фикрли қилиб кўрсатиб, доим хафа бўладиган одам ролини ўйнайди. Шу тариқа манипулиатор ўзи билан алоқада бўлган одамни унга ачиниш ва у ёки бу ҳаракатни унинг фойдасига бажаришга мажбур қилади.

Яъни фақат блогерлар эмас «мазлумлар» ҳам манипулиатор. Мен эса уларни ўзимизнинг тилда авровчилар деган бўлардим.

Бир ёш келинчак видео мурожаат қилаяпти, ўша ўзидан Напалеон ясаб олган блогерга, «мен сиз билан тушган расмимни қайнонамга, эримга кўрсатдим, наҳотки сен ўшани кўрган бўлсанг, наҳотки сен ўша билан учрашган бўлсанг деб уларам ҳайратланишди» дейди, бу гапни оддий қишлоқ қизи айтаяпти. Охирида бу келинчакнинг нега бунчалар ҳаяжонланиб блогерга ялтоқланишининг сабаби маълум бўлди, дарди уй учун тўланадиган бош тўловга маблағ сўраш экан.

Мен мазлум деганда абгор кийинган, кўзлари маюс, ростдан ҳам азоб чеккан одамни тушунаман, бу келиннинг эса бахтдан ял-ял ёнган, юзлари қип- қизил, уйи йўқлигига сабаб молиявий саводхонлигининг йўқлиги, топган маблағини ўйламай ишлатиб юборадиганлар тоифасидан бўлса керакки бундайларга сираям раҳмим келмайди, (буям бир катта мавзу чалғимаймиз оғалар...) хуллас бундай блогерларнинг кўпайиши ҳаром пулга уялмай ёрдамни қабул қилаётганларнинг ҳам кўпайишига сабаб бўлмоқда...

Огоҳ бўлинг, манипулиатор тўр тўқийди: тажовузкор (фаол усул – блогерлар) ёки жабрланувчи (пассив усул – мазлумлар) ролини ўйнайди, токи сиз ўзингиз, худди хоҳишингиз билан, очил дастурхондек унга хоҳлаган нарсани тақдим этгунингизча.

Мана куни кеча яна бир блогер – унинг издоши чиқди, аёлларга хунук ҳаракатлар қилиб... агар ушбу қарсиллатиб шапалоқлайдиганнинг андишасизлигига вақтида чек қўйилмаса, бемалол келгусида порно кино ишлаб тарқатадиганлар чиқади улар орасидан.

Ҳозир айнан шу блогерларнинг ортидан издошлари чиқиб келмоқда ва энг ачинарлиси она сути оғзидан кетмаган қизлар, пул учун сигир бўлиб мўра деса сигирдек мўрайди, сочингни кес деса сочини кесади, қошингни қир деса қиради, ечин деса ечинади.

Демак буларни қаттиқ назоратга оладиган вақт келди.

Куни кеча Республика Маънавият ва маърифат маркази томонидан «Уй» шаҳрини тарк этаётган китоблар ҳақида жуда чиройли ролик намойиш қилинди. Бу таҳсинга сазовор. Аммо мана шундай блогерларнинг танобини тортиш, уларни маъмурий жазога эмас, жиноий жавобгарликка тортилишигача курашиш айнан шундай ташкилотларнинг вазифаси эмасми? Ахир улар бекиниб қочиб юрмаса, мана мен деб ўзини намоён қилиб турган бўлса наҳотки топиб жазолаш қийин... Буларга ҳамманинг жим турганини кўриб миллатни ич-ичидан емириш учун саботаж кетмаяптимикин деб ўйлаб қолади одам. Ёки бўлмаса маҳалла тизими, Ёшлар ишлари агентлиги-чи? Ички ишлар тизимлари-чи? Бир болага етти қўшни ота-она деймиз. Етти қўшнидан ташқари яна қанчадан-қанча ваколатли ташкилотлар бор. Бири бўлмаса бири буларни назоратга олиши керак эмасми?

Масалан яқинда Бразилияда мактаб ўқувчилари учун телефон тутиш тақиқланди. Тик-Ток бизда ҳам тақиқланди, аммо ноқонуний йўллар билан кириш авж олган, буям жавобгарликка тортишга асос бўлади. Ёки уларнинг бошқа ижтимоий тармоқларга гурра-гурра кўчиб ўтаётгани-чи?

Мажбурият юзасидан бу батлларни кўрдим, бу томошада энг жирканч ҳақоратларни эшитишингиз мумкин. Материал тайёрлаш асносида нафақат қулоқларимдан балки жонсиз қулоқчинлардан уялиб кетган пайтларим бўлди. Айтинг, айтинг сизнинг бу мавзуларга ишингиз тушмасин, тоза фитратингиз кирланиб бир неча кун уйқунгиздан ҳаловат қочмасин.

Фото: очиқ манбалар
Қонли батллар, ҳаёсиз шартлар, уларни пул билан рағбатлантираётган донаторлар кимлар – террористларнинг бир тоифаси десам гапимни тасдиқлайсизми? Улардан келадиган хавф қанчалик қўрқинчли эканини-чи?

Мен уларни кўринмас қуролга ёшлар онгини, тафаккурини портлатиб майдалаб ташлайдиган, фалажга айлантирадиган минага ўхшатдим...

Огоҳ бўлинг, батлчи блогерларнинг бир-бирига бераётган шартлари кундан-кунга кескинлашмоқда, уларнинг сафи кўпаймоқда, қўллаётганлар, пул билан таъминлаётганларнинг асл мақсади қандайлиги эса ҳозирча номаълум...

Барно Султонова

Манба: Xabar.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият