Жиноят ишлари бўйича Ғиждувон туман суди биносида фуқаро хонадонидан топилган каннабис ўсимлигини йўққа чиқаришга уринган ҳудуд профилактика инспектори ҳамда собиқ ИИБ ходимига ҳукм ўқилди.
Ғиждувон тумани ИИБ 2-сон Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими инспектори Ш.Ш. ўзига бириктирилган хизмат ҳудуди Саидкент қишлоғидан ўтиб кетаётганида, фуқаро М.Т.нинг яшаш хонадони томорқасида етиштирилаётган ўсимликлар унинг эътиборини тортган. Хонадон эгаси М.Т.ни чақириб, етиштираётган ўсимликларининг 2 тупи каннабис эканини айтган ва уни ердан суғуриб олган. Инспектор ушбу ҳолатни ўзига бириктирилган хизмат планшетида расм ва видеотасвирга олган. Гувоҳ сифатида қўни-қўшниларни чақириб, далолатнома расмийлаштирган.
Фуқаро М.Т. эса жиноий жавобгарликдан қутилишни мақсад қилиб, профилактика инспектори билан гаплашиш учун ҳамқишлоғи А.Ҳ.ни чақирган. ИИБнинг собиқ ходими бўлган А.Ҳ. профилактика инспекторига аниқланган жиноят бўйича чора кўрмасликни, бунинг эвазига моддий манфаатдор қилинишини билдирган. Шу тариқа М.Т. хонадонидан 700 АҚШ долларини олиб чиқиб, А.Ҳ.га берган. А.Ҳ. эса ушбу пулларни «каннабис операция»сини йўққа чиқариш учун профилактика инспекторига тутқазган. Инспектор ҳам худди ҳеч нарса бўлмагандек, 700 АҚШ долларидан 200 АҚШ долларини ундириб беришда воситачилиги эвазига А.Ҳ.га қайтарган. «Каннабис оперецияси» ҳолати сурат ва видеолари ҳам, тузилган далолатномалар ҳам «йўқ»қа чиқарилган. Инспектор 2 туп каннабис ўсимлигини ўзи билан олиб кетган.
Бироқ, ушбу жиноий иш профилактика инспекторининг ҳамкасбларига ўсимлик турини аниқлаш учун жўнатган суратлари ортидан фош қилинди.
Бухоро вилоят ИИБ ички хавфсизлик инспекция ходимлари инспекторнинг қўл телефони ҳамда хизмат планшетини олиб, вилоят ИИБ биносида баённома расмийлаштиришган. Видеотасвир орқали суриштирув ҳаракатларини ўтказишган. Профилактика инспектори ўз айбига иқрор бўлмаган ва фуқаро хонадонидан ҳеч қандай каннабис чиқмагани, томорқасидан чиққан ўсимлик эса картошка ўсимлиги экани, уни йўқотиб юборишгани, собиқ ИИБ ходими А.Ҳ.билан ҳам ҳеч қандай олди-бердиси йўқлигини билдирган.
Суриштирувлар натижасида эса инспекторнинг хизмат планшети «яширин» папкасидан фуқаро М.Т. хонадонидан 2 туп каннабис ўсимлиги топилгани, ҳолат юзасидан далолатнома расмийлаштирилгани ва холисларни чақириш учун олиб борилган барча жараёнлар видоетасвири топилган.
Мазкур иш юзасидан бўлиб ўтган суд мажлисида судланувчи тариқасида сўроқ қилинган Ш.Ш. (маҳалла инспектори) айбига иқрорлик билдирмаган.
«Судланувчи айбига иқрор бўлмаса-да, профилактика инспекторининг хатти-ҳаракатлари юзасидан тўпланган ҳужжатлар, томонларнинг ашёвий далиллари жиноятнинг фош этилишини таъминлади», - дейди суд раиси Бобур Умаров.
Ўз хизмат вазифасини суиистеъмол қилган ва ундан ғаразли мақсадларда фойдаланган профилактика инспектори Ш.Ш. Жиноят кодексининг турли моддалари билан 3 йилу 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинди.
Шунингдек, каннабис гиёҳвандлик воситасини ўз томорқасида етиштирган М.Т.га нисбатан 2 йилу 2 ой муддатга, ИИБда узоқ йил хизмат қилиб, нафақага чиққан А.Ҳ.га нисбатан эса 3 йил муддатга қамоқ жазоси қўлланилди.
Ҳар уч айбдорнинг ҳам жазони умумий тартибли колонияларда ўташи белгиланди. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар