Фото: Видеодан кадр
Фарғона вилоятида қалбаки ва сифати кафолатланмаган дори воситаларининг савдосига чек қўйилди. Бу ҳақда ДХХ хабар берди.
Қўқон шаҳрида яшовчи фуқаро Шикорбеги маҳалла фуқаролар йиғинидаги хонадонларнинг биридан сифат сертификати ва яроқлилигини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган 2005 дона ампулада “Мидокалм” ва 750 дона ампулада L-Lizin Essinat номли дори воситаларини ҳамда қадоқлаш учун керак бўладиган қоғоз қути ва йўриқномаларни ўзининг “Ласетти” русумли автомашинасига юклаган вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Сўнгра, ушбу хонадон кўздан кечирилганда, 1177 дона “Актовегин”, 165 дона “Тавегил”, 30 дона L-Lizin Essinat, 2700 дона ампулада номсиз дори воситалари, шунингдек, дори воситаларининг махсус қоғоз қутилари, улардан фойдаланиш бўйича йўриқномалар, қалбаки усулда тайёрланган ёрлиқлар ва дори номларига ўзгартириш киритадиган рангли бўёқлар солинган пластик идишлар сақлаб келинаётганлиги маълум бўлди.
Аниқланишича, мазкур фуқаро ўзининг жиноий шериги бўлган шахсга тегишли ушбу хонадонда қўлбола усулда дори воситаларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган яширин цех ташкил этган.
Экспертиза хулосаларига кўра, ашёвий далил сифатида олинган дори воситалари қалбакилаштирилган ва сақлаш шароитига амал қилинмаган бўлиб, уларни Ўзбекистон ҳудудида сотиш ҳамда тиббиёт амалиётида қўллаш тақиқланади. Мазкур қалбаки дори воситаларининг умумий қиймати 78 млн сўмни ташкил этади.
Бу шахс муқаддам қалбакилаштирилган дори воситаларини ўтказиш мақсадида тайёрлаш ва сақлаш хатти-ҳаракатларини содир қилганлиги учун унга нисбатан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 2-қисми “б” банди билан қўзғатилган жиноят иши ҳозирда судда кўрилаётган бўлишига қарамасдан, такроран жиноят содир этган.
Ҳозирда иккала фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Қўқон шаҳрида кузатилган яна бир ҳолатда фуқаро сифат сертификатига эга бўлмаган 800 дона “Дюфастон” номли дори воситаларини 800 минг сўмга сотаётган вақтида қўлга олинди.
Шунингдек, унинг яшаш хонадони кўздан кечирилганда, “Элевит”, “Урсосан”, “Дюфастон”, “Йодомарин” ва “Дюспаталин” номли жами 405 010 дона, умумий қиймати тахминан 1 млрд 800 млн сўмдан ортиқ сифат сертификатига эга бўлмаган дори воситалари, 5000 дона йўриқнома ва 1200 дона қадоқлаш қутиси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Тезкор тадбир давом давом эттирилиб, унинг жиноий алоқаси бўлган муқаддам судланган шахснинг хонадони кўздан кечирилганда, “Мидокалм” дори воситасининг 900 дона ёрлиқлари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Шунингдек, у “Дипросан” ва “Тавегил” дори воситалари учун 2000 донадан этикетка ва фойдаланиш йўриқномасини чоп этиш бўйича буюртма берганлиги ҳам маълум бўлди.
Ҳозирда ҳолат юзасидан ушбу шахсларга нисбатан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар