Ўзбекистонда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида 3,5 минг камбағал оилалар фарзандларини тайёрлаб, олий таълим ташкилотларига белгиланган тартибда грант асосида қабул қилиш ишлари ташкил этилади.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт” йилида амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги президент фармонига кўра, инсон салоҳиятини юксалтириш, таълим учун қулай муҳит яратиш ишларини ташкил этиш мақсадида 2025/2026-ўқув йилидан яна бир қарор амалга оширилади.
Жумладан, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши каби таълим йўналишлари ва мутахассисликлари бўйича етакчи олий таълим ташкилоти этиб белгиланади. Ушбу университетда “циркуляр иқтисодиёт” таълим йўналишида кадрлар тайёрлаш амалиёти йўлга қўйилади.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетига бириктириладиган “яшил техникумлар” фаолияти йўлга қўйилади.
Табиий фанлар, муҳандислик-техника, иқтисодиёт ва молия йўналишларидаги давлат олий таълим ташкилотларида “Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва яшил ривожланиш” фани ва ўқув дастурлари киритилади. Олий таълимда грант ўринларини босқичма-босқич ошириш ҳисобига аниқ ва табиий фанлар, муҳандислик-техника, хизматлар, тиббиёт каби соҳаларда давлат буюртмаси 25 мингтага етказилади.
“Эл-юрт умиди” жамғармаси томонидан экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши таълим дастурлари асосида таълим олиш учун стипендия танловига 20 тагача квота ажратиб борилади.
Республиканинг ҳар бир туманида (шаҳрида) босқичма-босқич инклюзив таълим талабларига жавоб берадиган камида биттадан умумтаълим мактаби фаолияти ташкил этилади.
2024 йил 24 сентябрида “Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасидаги чора-тадбирларни янги босқичга олиб чиқиш тўғрисида”ги президент фармони қабул қилинган бўлиб, унда “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури амалга оширилиши белгиланган.
Камбағал оилалар фарзандларини тайёрлаб, 2025 йилда 3,5 минг ёшларни олийгоҳга грант асосида қабул қилиш зарурлиги ҳақида 2024 йил декабрида, Шавкат Мирзиёев раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилган ишлар ва 2025 йилдаги вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида айтилганди.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги берган маълумотга кўра, Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 2024 йил якунига кўра 11 фоиздан 8,9 фоизга камайди. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар