09:45 / 02.03.2025
622

Рўза тутишга оид энг кўп учрайдиган саволларга жавоблар

Рўза тутишга оид энг кўп учрайдиган саволларга жавоблар
Рамазонда саҳарликка ухлаб қолган киши қандай йўл тутиши керак, аввал ифтор қилинадими ёки шом намози ўқиладими, рўзадор одам тиш пастасидан фойдаланиши мумкинми? Шу ва бошқа саволлар юзасидан Ўзбекистон мусулмонлар идораси Фатво бўлими изоҳ берди.

- Рамазонда саҳарликка ухлаб қолган киши қандай йўл тутиши керак?
- Рамазонда саҳарликдан ухлаб қолган одам, уйғонгач оз бўлса ҳам бирор нарса еб-ичиб, рўзани ният қиламан деса, нияти ҳам, ўша куни тутадиган рўзаси ҳам тўғри бўлмайди. Рамазон ойида саҳарликка ухлаб қолган одам, уйқудан тургач, рўзани бузадиган (яъни, еб-ичиш, эр-хотинлик алоқаси каби) ишларни қилмасдан, шу кунги рўзани тутишни ният қилади. Бундай ниятни токи қуёш тиккага келгунгача қилиш мумкин.

- Рўзадор киши сўлагини ютиши мумкинми?
- Рўзадор сўлагини ютиши билан рўза очилмайди. Тупукни қасддан оғизда йиғиб, ютишдан иложи борича сақланиш керак бўлади. Одатдаги ҳолатда эса сўлакни ичга ўтиши макруҳ эмас.

- Рўзадор одам тиш пастасидан фойдаланиши мумкинми?
- Рўзадор киши тишларини тозалашда тиш пасталаридан фойдаланиши мумкин. Албатта бунда тиш пастаси аралашган сўлаги ютилиб кетишидан сақланиш лозим бўлади. Акс ҳолда рўза очилиб кетиши мумкин.

- Аввал ифтор қилинадими ёки шом намози ўқиладими?
- Динимизда ифторликни тезлаштиришга тарғиб қилинган, оғиз очишни қасддан шом намозидан кейинга суриш суннатга хилофдир.

- Рўзадорнинг қайт қилиши рўзани бузадими?
- Рўзадор қасддан қайт қилмаса рўзаси очилмайди. Агар қасддан, ўзини-ўзи қайт қилдирса рўза очилади.

- Рўзадорнинг оғзига ёмғир кирса, рўзага таъсири йўқми?
- Рўзадор кишининг оғзига беихтиёр ёмғир томчилари ёки қор парчалари кириб, томоғидан ўтса, рўзаси бузилади ва қазо рўза тутиши вожиб бўлади.

- Агар киши саҳарликка еган таомларининг майда қолдиқлари тиш ковакларида қолиб кетса, оғиз ёпилгандан кейин ўша таом қолдиқлари таъми сезилса, рўзадорнинг тутган рўзаси дуруст бўладими?
- Саҳарликдан сўнг тишнинг ораларида қолган нарса нўхат миқдоридан кичикроқ бўлиб, уни ютиб юборса зарари йўқ. Лекин оғиздан ташқарига чиқариб, сўнг оғизга қайта солиб ютса, рўза очилади. Нўхат миқдорича ё каттароқ бўлса, рўза очилади.

- Рамазонда совчилик қилиш ҳамда ифторлик вақтида никоҳ тўйи қилиш мумкинми?
- Мумкин.

- Рўзадор инсонни қон олдириши мумкинми?
- Бўлади.

- Агар аёл кишининг эмизикли боласи бўлса ва у 1 ёшда бўлса рўза тутиш мумкинми?
- Ўзингизга ёки болангизга зарар етадиган бўлса, тутмасликка рухсат бор. Кейин бир кунига бир кун тутиб берасиз.

- Совун ёки шампун билан роҳатланиб чўмилса, рўза очиладими?
- Оғиз ва бурнидан кириб кетмаса очилмайди.

- Ҳайитнинг биринчи кунидан кейин рўза тутиш мумкинми?
- Мумкин.

- Саҳарлик қилмаса ҳам рўза тутган ҳисобланадими?
- Саҳарлик қилиш суннат. Фажр вақти кирганидан кейин еб-ичмаган киши куннинг ярми бўлгунича рўзага ният қилиб олиши кифоя қилади. Қазоси шарт эмас.

- Рамазон кунларида пешингача ухлаб олса бўладими?
- Жоиз.

- Саҳарликдан кейин ухлаган одам, уйқу вақтида эҳтилом бўлса, рўзаси очиладими?
- Эҳтилом бўлиш яъни уйқуда булғаниш рўзани бузмайди. Чунки, бундай ҳолат кишининг ўз ихтиёри билан содир бўлмайди. Эҳтилом бўлган рўзадор уйқудан тургач, дарров ғусл қилиб олади.

Ўзбекистон мусулмонлар идораси Фатво бўлимига тегишли fatvo.uz сайти маълумотлари асосида тайёрланди.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Рўза тутишга оид энг кўп учрайдиган саволларга жавоблар