
Ўзбекистон қонунчилиги талабларига мувофиқ 20 мартдан бошлаб Temu платформасидан фойдаланиш белгиланган тартибда чекланади. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, электрон тижорат операторлари, хусусан, электрон савдо платформалари операторлари сифатида фақат юридик шахслар — Ўзбекистон резидентлари фаолият юритиши мумкинлиги белгиланган.
«Мамлакатимиз фуқароларига хизмат кўрсатувчи хорижий электрон савдо платформалари фаолиятини ўрганиш жараёнида айрим электрон савдо платформалари томонидан Ўзбекистон Республикасининг электрон тижорат, чакана савдо, реклама, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаётганлиги аниқланди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги талабларига мувофиқ, 2025 йил 20 мартдан бошлаб хорижий электрон савдо платформаларидан, хусусан, Temu платформасидан фойдаланиш белгиланган тартибда чекланади», дейилади хабарда.
Қўмита тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида бугунги кундан бошлаб Temu платформасида буюртма бермасликларини сўради.
«Агар буюртма бундан олдин амалга оширилган бўлса, платформада тўловни қайтаришни ташкил этиш тавсия этилади», дея қўшимча қилинган хабарда.
Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги ва Солиқ қўмитаси фуқароларни Ўзбекистонда ўз фаолиятини маҳаллийлаштирмаган ёки мамлакатда Солиқ қўмитасининг электрон хизматлар кўрсатувчи хорижий компаниялар ва маркетплейслар рўйхатига кирмаган хорижий электрон савдо платформалари хизматларидан фойдаланмасликка, эҳтиёт чораларини кўришга, шахсий ва бошқа маълумотларни бундай субъектларга бермасликка чақирди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар