11:54 / 28.03.2025
1 585

М-25 газ конида водород сулфидининг отилиши юз берди

М-25 газ конида водород сулфидининг отилиши юз берди
Жорий йилнинг 27 март куни М-25 газ конидаги 202-сонли қудуқда водород сулфидининг назорат остидаги отилиши юз берди, деб хабар қилмоқда Энергетика вазирлиги.

Қайд этилишича, табиатга зиён етказмаслик ва ҳаво ифлосланишининг олдини олиш мақсадида қудуқ ёқиб қўйилган.

Ҳодиса оқибатида ҳеч ким жабрланмаган. Воқеа жойига зудлик билан Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг бригадаси етиб борган.

Ишларни ташкил этиш мақсадида Энергетика вазирлиги ҳамда бошқа мутасадди ташкилотлар таркибида ташкил этилган махсус штаб вакиллари ҳам ҳодиса жойига етиб келган.

Билдирилишича, айни пайтда керакли барча чора-тадбирлар зарур техника ҳамда ускуналардан фойдаланилган ҳолда олиб борилмоқда. Шунингдек, хавфсизликни таъминлаш бўйича кучайтирилган чоралар кўрилмоқда.

Алоҳида таъкидланишича, юзага келган мазкур ҳолат аҳоли ва яқин атрофдаги ҳудудларга ҳеч қандай хавф туғдирмайди. Жараён Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, «Саноатконтехназорат» давлат инспекцияси ҳамда Очиқ нефт ва газ фаввораларнинг олдини олиш ва бартараф этиш бўйича Ўзбекистон ҳарбийлаштирилган қисми мутахассислари томонидан тўлиқ назорат остига олинган.

Ҳозирги вақтда ушбу вазият ҳамда ёнғиннинг келиб чиқиши сабаблари ўрганилмоқда.

2024 йил 1 сентябр куни Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида жойлашган Мустақилликнинг 25 йиллиги конининг "Кўлқамиш" МФЙ ҳудудида жойлашган 604-сонли қудуқда бурғилаш ишлари олиб борилаётган пайтда технологик жараённинг бузилиши оқибатида водород сулфид гази чиқиш ҳолати бошланганди.

2024 йил 17 сентябр куни соат яна 604-сонли қудуқнинг ён тарафидан юқори босимли водород сулфид гази сизиб чиқиш ҳолати қайд этилганлиги маълум қилинди. Воқеа натижасида 4 киши вафот этган, 11 киши жароҳатланган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият