date
views 91

Тошкент вилоятида замонавий гольф клуби ва меҳмонхона мажмуаси қурилади

Тошкент вилоятида замонавий гольф клуби ва меҳмонхона мажмуаси қурилади
Ҳозирги кунда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Малайзияда ишчи ташриф билан бўлиб турибди. Делегация таркибидаги вакиллар мамлакатнинг бир қатор етакчи бизнес доиралари билан музокаралар ўтказмоқда. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.

Хабар қилинишича, делегация аъзолари билан «The Mines Resort and Golf Club» компанияси вакиллари ўртасидаги учрашувда Тошкент вилоятида жаҳон стандартларига мос, кўп функцияли ва замонавий гольф клуби ҳамда меҳмонхона мажмуасини қуриш бўйича келишувларга эришилди.

Қайд этилишича, мазкур йирик ва нуфузли лойиҳани амалга ошириш учун 100 гектарга яқин ер майдони ажратилади. Шунингдек, ушбу ҳудудни халқаро меъёрлар асосида жиҳозлаб, ҳашаматли ва замонавий курорт зонасига айлантириш борасида таклифлар кўриб чиқилди. Мазкур лойиҳа учун энг мақбул ҳудудлар сифатида вилоятнинг Бўстонлиқ, Паркент ҳамда Оҳангарон туманлари кўрсатилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон делегациясининг бугунги кун тартибида яна бир неча муҳим учрашувлар режалаштирилган. Хусусан, табиий шакарни қайта ишлаб, ундан паст калорияли гранулалар ишлаб чиқаришни режалаштираётган «The Foodbase» компанияси ҳамда вегетериан протеин асосида гўшт маҳсулотлари ва тез тайёрланувчи таомлар ишлаб чиқарувчи «Righ food company» компания вакиллари билан ҳам музокаралар ўтказилади.

Бу каби учрашувлар натижасида вилоятда замонавий ва инновацион ишлаб чиқаришларни ташкил этиш бўйича муҳим лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилган бўлиб, мазкур тадбирлар минтақадаги инвестиция муҳитини яхшилаш ва туризм соҳасини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

Зойир Мирзаев бошчилигидаги делегациянинг Малайзиядаги ишчи ташрифи ҳали давом этмоқда ва келгусида ҳам кўплаб истиқболли лойиҳалар бўйича музокаралар олиб борилиши кутилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкент вилоятида замонавий гольф клуби ва меҳмонхона мажмуаси қурилади