date
views 52

Ноқонуний умра сафарлари: 34 та жиноий иш қўзғатилди, юзлаб фуқаролар сарсон бўлди

Ноқонуний умра сафарлари: 34 та жиноий иш қўзғатилди, юзлаб фуқаролар сарсон бўлди
Ўзбекистонда ноқонуний йўл билан умра зиёратларини ташкил қилиш ҳолатлари бўйича тергов жараёнлари давом этмоқда. Дин ишлари бўйича қўмита тарқатган хабарга кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида лицензияга эга бўлмаган туристик компаниялар томонидан ноқонуний равишда умра сафарлари ташкил этилгани аниқланган. Натижада бу борада 34 та жиноят иши очилди ва 46 киши жиноий жавобгарликка тортилди.

Шу билан бирга, тегишли рухсатномасиз фаолият кўрсатаётган 53 та туристик хизмат кўрсатувчи ташкилот фаолияти ҳам тўхтатилди. Масъулларнинг таъкидлашича, баъзи фирмалар мажбуриятларини бажармагани сабабли кўплаб фуқароларимиз Саудия Арабистонида оғир аҳволга тушиб қолган.

«Юртдошларимиз умра зиёратига бориб, турли қийинчиликларга дуч келишди. Уларнинг кўпчилиги неча кунлаб овқат ва бошпана билан таъминланмаган ҳолда сарсон бўлди», – деди Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин Эшонқулов.

Бундай ноқонуний ташкил этилган сафарлар натижасида мураккаб вазиятга тушиб қолган 580 нафар Ўзбекистон фуқароси махсус чартер рейс орқали мамлакатга қайтарилган.

Маълумот учун, шу йилнинг апрель ойи ўрталарида Тошкентда тўрт кишини ҳаж сафарини ташкил қилиб бериш баҳонасида 23,6 минг доллар олиб қўйган шахс қўлга олинган эди. Шунингдек, пойтахтда ўтказилган махсус тезкор тадбир натижасида бир қатор сохта туристик компаниялар фаолиятига ҳам чек қўйилган.

Айни вақтда мамлакатда ҳаж ва умра зиёратларини ташкил қилиш жараёнида шаффофликни таъминлаш мақсадида, 2025 йилнинг 1 сентябрига қадар «Ҳаж ва умра ягона портали» ҳамда унинг мобил иловаси ишга туширилиши режалаштирилмоқда. Ушбу платформа орқали фуқароларга диний маросимларни амалга оширишда ортиқча бюрократик жараёнларсиз қулай ва замонавий хизматлар кўрсатилиши кўзда тутилмоқда.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ноқонуний умра сафарлари: 34 та жиноий иш қўзғатилди, юзлаб фуқаролар сарсон бўлди