
Таниқли сўз устаси Шукрулло Исроиловга тегишли Mercedes-Benz автомобили олиб қочилгани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳолат бўйича суд жараёни якунланди.
Судда маълум бўлишича, олиб қочилган автомобиль аслида Шукрулло Исроиловнинг фарзандига тегишли бўлган. Қизиқчи машина олиб қочилганини билган заҳоти ички ишлар органларига мурожаат қилган.
Олиб қочилган автомобиль Тошкент шаҳрининг Учтепа тумани, Заргарлик кўчасида тўхтатилган. Машина ва уни бошқарган шахс жиноят-қидирув бўлими ходимларига топширилган.
Маълум бўлишича, автомобилни 1998 йилда туғилган Шерзод исмли шахс очиқ қолганидан фойдаланиб олиб қочган.
"Шу машинани бошқаришни жуда ҳам хоҳлагандим. Қараб турсам, машина очиқ, ҳеч ким йўқ экан. Шундан фойдаланиб, автомобилга ўтириб, ҳайдаб кетдим. Шаҳарда бир оз айлангач, Учтепа туманидаги автомойканинг олдида тўхтаган эдим, ЙПХ ходимлари етиб келиб, мени қўлга олишди. Қилган ишимдан чин дилдан пушаймонман", дейди судланувчи Шерзод.
"Машинамни қулфламай, калитни ичида қолдириб, бир иш билан бошқа жойга кириб кетган эдим. Қайтиб чиқсам, машина йўқ. Аввалига биров ҳазиллашмоқда деб ўйладим. Кейин 102 рақамига қўнғироқ қилдим. Ички ишлар ходимлари машинамни атиги 10 дақиқада топиб беришди. Ҳурматли ҳамшаҳарларим, эҳтиёт бўлайлик, ҳеч қачон машинангизни очиқ қолдирманг", дейди таниқли қизиқчи Шукрулло Исроилов.
Ушбу воқеа юзасидан Жиноят кодексининг 267-моддаси (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши очилган эди ва гумон қилинувчига нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилганди.
Судда жабрланувчи, Шукрулло Исроиловнинг ўғли айбланувчига нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини маълум қилган. Суд ҳукми билан жиноятга қўл урган шахс икки йил муддатга озодликдан маҳрум қилинди. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар