date
views 163

Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари янги босқичга чиқмоқда

Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари янги босқичга чиқмоқда
25 апрель куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, Хитой Халқ Республикаси ташқи ишлар вазири Ван И билан самарали музокара ўтказди.

Учрашувда икки давлат ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш масалалари бўйича очиқ, ишончли ва конструктив руҳда фикр алмашилди.

Ўзбекистон ташқи сиёсат идораси раҳбари ўз ижтимоий тармоқ саҳифасида мазкур учрашув бўйича қуйидагича баёнот берди:

«Бугун Олмаотада Хитой Коммунистик партияси Марказий қўмитаси Сиёсий бюроси аъзоси, Хитой ташқи ишлар вазири ҳурматли Ван И билан ўзаро манфаатли ва самарали мулоқот ўтказдик. Учрашув давомида Ўзбекистон–Хитой муносабатларини янада кенгайтириш ва янги босқичга олиб чиқиш имкониятлари ҳақида фикр алмашдик. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик, транспорт ва логистика имкониятларини ошириш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш ҳамда халқаро майдондаги ҳамкорлик каби муҳим йўналишларни муҳокама қилдик».

Шу билан бирга, Бахтиёр Саидов Ўзбекистонни изчил ривожлантиришда Хитой кўрсатаётган доимий кўмак учун миннатдорлик билдириб, барқарор, хавфсиз ва ўзаро боғланган минтақани шакллантириш йўлидаги биргаликдаги ҳаракатларнинг муҳимлигини алоҳида таъкидлади.

«Ўзбекистон тараққиётини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани ва минтақамизда барқарорлик ҳамда фаровонликни таъминлаш йўлидаги биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз учун Хитой томонига самимий миннатдорлик билдирамиз. Биз икки томонлама муносабатларимиздаги юқори суръатни сақлаб қолишга ва янада мустаҳкамлашга келишиб олдик», – дея қайд этди Саидов.

Учрашув якунида ҳар икки томон ҳам Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги муносабатларни янги йўналишлар ва янги лойиҳалар билан янада бойитиш, келажакда ҳамкорликнинг янги саҳифаларини очиш борасида якдил фикрда эканликларини билдиришди. Бу эса икки давлат ўртасидаги дўстлик ва ишонч руҳидаги муносабатларнинг янада мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистон ва Хитой муносабатлари янги босқичга чиқмоқда