
Президент Шавкат Мирзиёев 30 апрел куни нодавлат таълим хизматлари тизимини такомиллаштириш, олий ва касбий таълимда сифатни ошириш чора-тадбирлари тақдимоти билан танишди.
Иқтисодиёт тармоқлари ривожи ҳамда инвестициявий муҳит, энг аввало, кадрлар салоҳияти билан чамбарчас боғлиқ. Шу боис олий ва касбий таълим тизими доимий такомиллаштириб борилмоқда.
Сўнгги йилларда таълим соҳасида хусусий секторга берилган имкониятлар туфайли 71 та хусусий олийгоҳ ва 51 та хусусий техникум ташкил этилиб, уларда 500 минг нафарга яқин талаба ва ўқувчилар таҳсил олмоқда. Бунинг натижасида мамлакатда олий таълим билан қамров 9 фоиздан 42 фоизга ошди.
Албатта, бугунгача амалга оширилган ишлар кўплаб ёшларнинг касбий ва олий маълумот олишига имкон яратди. Аммо, нодавлат таълим ташкилотларининг барчасида ҳам таълим сифати бирдек таъминланмаган.
Нодавлат таълим ташкилотларида қабул параметрлари, таълим дастурлари, ўқув жараёнлари ҳамда илмий салоҳиятни сифат жиҳатидан яхшилаш, уларни замонавий меҳнат бозори эҳтиёжларига мослаштириш энг асосий масалалардан биридир.
Шу боис тақдимотда нодавлат таълим хизматларини кўрсатишни тартибга солиш, лицензиялаш тизимини такомиллаштириш ҳамда давлат аккредитациясидан ўтказиш бўйича янги тизимни жорий этишга қаратилган таклифлар муҳокама қилинди.
Бу борада илғор хорижий тажрибалар асосида икки босқичли лицензиялаш тизимига ўтиш, таълим дастурларини махсус аккредитациядан ўтказиш ҳамда ҳар беш йилда комплекс давлат аккредитациясини ташкил этиш бўйича таклифлар билдирилди.
Шунингдек, тақдимотда ривожланган давлатларнинг энг илғор тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, таълим сифатини ташқи баҳолаш билан шуғулланувчи алоҳида мустақил тузилма ташкил этиш ҳамда сифат назоратининг шаффоф, холис ва адолатли тизимини жорий қилиш ташаббуси ҳам илгари сурилди.
Таълим сифатини таъминлаш ва ташқи баҳолашнинг жорий этилиши касбий ва олий таълим муассасаларида ўқитиш самарадорлиги ва илмий салоҳиятни ошириб, уларнинг халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилашга хизмат қилади.
Нодавлат ТаълимОлий ТаълимКасбий ТаълимСифат ТақдимотиЛицензиялаш ТизимиИнвестициявий Муҳит Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар