date
views 0

Ўзбекистон ва Афғонистон муносабатларида янги саҳифа: Самарқандга Ҳиротнинг оқ мармари юборилди

Ўзбекистон ва Афғонистон муносабатларида янги саҳифа: Самарқандга Ҳиротнинг оқ мармари юборилди
13 май куни Термиз халқаро савдо марказида Ўзбекистон ва Афғонистон расмий делегациялари ўртасида юқори даражадаги муҳим учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев, Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов, Афғонистон Бош вазири котибияти раҳбари Мулло Абдул Восе ва Балх вилояти губернатори Муҳаммад Юсуф Вафо бошчилигидаги расмийлар иштирок этди.

Мулоқот давомида икки давлат ўртасидаги мавжуд кўп томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий муносабатларни кенгайтириш, транспорт йўлаклари ривожи, шунингдек, гуманитар ва маданий соҳалардаги ҳамкорликни янада чуқурлаштириш масалалари муҳокама қилинди. Томонлар ўзаро ҳамкорликдаги мавжуд имкониятларни максимал даражада ишга солиш ва келгуси ҳамкорлик истиқболлари бўйича фикр алмашдилар.

Учрашув якунида ўзаро дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатлари рамзи сифатида Афғонистон томонидан Самарқанд шаҳрида барпо этилаётган Имом Бухорий мажмуасининг қурилиши учун махсус ажратилган 16 та юк машинасида Ҳиротнинг машҳур оқ мармари Ўзбекистон томонига топширилди. Ўзининг юқори сифати ва бетакрор кўриниши билан дунёда машҳур бўлган ушбу мармар Имом Бухорий мажмуасининг қурилиш жараёнида асосий безаклардан бири сифатида ишлатилади.

Расмий делегациялар ушбу воқеани икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликнинг яна бир мустаҳкамлашуви сифатида эътироф этишди. Томонлар келгусида ҳам шу каби ўзаро алоқаларни янада кенгайтиришга келишиб олдилар.

Мазкур учрашув Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамда маданий-гуманитар алоқаларда янги саҳифа очиши кутилмоқда. Бу эса икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг янада барқарор ва самарали шаклда ривожланишига хизмат қилади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистон ва Афғонистон муносабатларида янги саҳифа: Самарқандга Ҳиротнинг оқ мармари юборилди