date
views 2 088

Фоҳишаликка етакловчи “Зуля” схемаси фош этилди: Тошкентда одам савдоси тўхтатилди

Фоҳишаликка етакловчи “Зуля” схемаси фош этилди: Тошкентда одам савдоси тўхтатилди
Тошкент вилоятида одам савдосининг навбатдаги хавфли ҳолатига чек қўйилди. Ички ишлар бош бошқармаси ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати тезкор гуруҳлари томонидан ўтказилган ҳамкорликдаги махсус тадбир давомида, 22 ёшли қизни фоҳишалик мақсадида Россияга олиб кетишга уриниб, йўлга чиққан шахс қўлга олинди.

Расмий маълумотларга кўра, Ангрен шаҳрида яшовчи 54 ёшли аёл (Х.Т.) ишсиз ва ноумид ҳолда юрган ёш қизни алдамчи ваъдалар орқали мўмай даромад билан васвасага солган. Қизга Санкт-Петербург шаҳрида “ўзига тўқ ҳаёт” ваъда қилинган бўлиб, бунинг ортида инсон қадрини ерга урадиган жирканч мақсад – фоҳишалик билан шуғулланиш турган эди.

Тадбир давомида Тошкент халқаро аэропортида ушланган аёл ва жабрланувчи қиздан далилий ашёлар олинган. Тергов маълумотларига кўра, мазкур “операция” ортида Санкт-Петербургда яшовчи “Зуля” исмли аёл турган. У йўл ҳақи, ҳужжатлар ва бошқа харажатларни тўлиқ қоплаган. Эвазига эса 22 ёшли қизни жинсий эксплуатацияга жалб қилиш ҳамда уни етказиб берган аёлга муқаррар ҳақ тўлаш келишилган бўлган.

Ҳозирда ушланган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 135-моддаси 2-қисми “а” ва “з” бандлари (одам савдоси, ёш аёлни фоҳишаликка мажбурлаш) бўйича иш қўзғатилди. Қибрай тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мазкур ҳолат – одам савдоси ва инсон қадрини тўппасидан топташга уринишнинг яна бир ачинарли мисоли. Айниқса, аёллар ва ёш қизлар бундай схемаларга тўғри тушиб қолмаслиги учун жамиятда кенг тушунтириш ишлари олиб борилиши шарт. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар бу борада барча эҳтимолий ҳолатларни олдини олишга чақирмоқда.

Одам савдоси – жиноят. Ва бу жиноятга қарши кураш жамоавий ва қатъий бўлиши керак. Жамиятда ҳар бир аёл, ҳар бир инсон ўз ҳақ-ҳуқуқига эга ва ҳимояланган бўлиши шарт.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Фоҳишаликка етакловчи “Зуля” схемаси фош этилди: Тошкентда одам савдоси тўхтатилди