
Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида ёш йигит бошқарувидаги Chevrolet Tracker автомобили оғир йўл-транспорт ҳодисасига учради. Бу ҳақда Kun.uz сайти маҳаллий манбасига таянган ҳолда хабар тарқатди.
Маълум қилинишича, мудҳиш ҳодиса шу йилнинг 30 май санасида содир бўлган. 2006 йилда туғилган ҳайдовчи ўзининг тенгдош дўстларини автомобилга миндириб, катта тезликда ҳаракатланаётган пайтда бошқарувни йўқотган. Натижада Tracker машинаси йўл четидаги каналга қулаб тушган. Ҳодиса содир бўлган вақтда каналда сув бўлмаганлиги вазиятнинг янада оғирлашувини олдини олган бўлиши мумкин.
Афсуски, йўл-транспорт ҳодисаси натижасида машина ичида бўлган икки нафар йигит жиддий тан жароҳатлари олиб, тез тиббий ёрдам орқали шифохонага етказилган.
Ҳалокатга учраган йўловчилардан бирининг онаси Kun.uz сайтига мурожаат қилиб, ҳодиса билан боғлиқ вазиятга ойдинлик киритишни сўрамоқда. Унинг айтишича, автомобиль бошқарувида бўлган ёш йигитнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси мавжуд бўлмаган. У машинани яқинда сотиб олган ва уни ўз номига расмийлаштиришга улгурмаган.
“Ўғлим машинада олд ўриндиқда йўловчи сифатида ўтирган. Авария пайтида у машинадан ташқарига отилиб кетган ва оғир жароҳатланган. Ҳозир ўғлим билан овора бўлиб турган пайтимда айримлар унинг машина бошқарувида бўлгани ҳақида ёлғон ва туҳмат тарқатмоқда. Бу ёлғон ахборотни рад этишларини талаб қиламан”, – деб таъкидламоқда жабрланган йигитнинг онаси.
Ҳозирда мазкур воқеа юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Машинани ким бошқарганлиги ва воқеанинг бошқа тафсилотлари суд-тиббий ва техник экспертизаларнинг якуний хулосалари билан ойдинлашади.
Шу билан бирга, бу фожиали ҳолат яна бир бор ҳайдовчилик гувоҳномасисиз транспорт воситасини бошқариш қандай оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини кўрсатади. Йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилиш ҳар бир йўловчи ва ҳайдовчининг масъулиятида эканини унутмаслигимиз керак. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар