date

ДХХ фош этди: касбий сертификат учун пора, 5–10 йиллик қамоқ таҳдидида

ДХХ фош этди: касбий сертификат учун пора, 5–10 йиллик қамоқ таҳдидида
Қорақалпоғистонда таълим соҳасида порахўрлик ортидан уч кишига жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда ДХХ матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Нукус шаҳридаги умумтаълим мактаби ўқитувчиси мазкур мактаб директори ўринбосарининг топшириғига асосан, касбий сертификат олиш бўйича синовларидан ўтказиб бериш эвазига Чимбой туманида ишловчи ҳамкасбидан 1000 доллар олган вақтида ДХХ ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Терговга қадар текширув давомида аниқланишича, директор ўринбосари 100 нафардан ортиқ ўқитувчини давлат аттестациясидан ўтказиб бериш эвазига ҳар биридан 1000-1500 АҚШ доллари миқдорида пул олиб, бу ҳақда ўзининг шахсий блокнотлари ва қоғозларда акс эттириб келган.

Шунингдек, ушбу ноқонуний ишга Қорақалпоғистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Педагогларнинг билим ва малакасини баҳолашни ташкил этиш шўбаси бош методисти ҳам алоқадорлиги аниқланиб, у ўқитувчилардан давлат аттестациясидан ўтказишга ёрдам бериш эвазига йиғилган 10 450 долларни ихтиёрий равишда топширган.

Шу билан бирга, ўқитувчиларни шахсий кўрикдан ўтказмасдан, тест жараёнига уяли алоқа воситалари билан киришларига шароит яратиб берган Миллий гвардия ходимининг ҳам ўз вазифасига совуққонлик билан ёндашгани маълум бўлган.

Аниқланишича, улар пора тариқасида олинган пулларни ўзаро тақсимлаган.

Ҳолат юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Жиноят кодескининг ушбу моддасига кўра, пора олиш бир гуруҳ мансабдор шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » ДХХ фош этди: касбий сертификат учун пора, 5–10 йиллик қамоқ таҳдидида