date

Тошкентда “apk” вируси орқали 3 млрд. сўм ўғирлаган жиноий гуруҳ фош этилди

Тошкентда “apk” вируси орқали 3 млрд. сўм ўғирлаган жиноий гуруҳ фош этилди

Тошкент шаҳрида Android қурилмалари учун махсус “apk” вирусларини яратиб, фуқароларнинг пул маблағларини қўлга киритиш билан шуғулланиб келган жиноий тузилма қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Киберхавфсизлик маркази ахборот хизмати маълум қилди.

Маълумотларга кўра, “Хавфсиз кибермакон” профилактик тадбирлари доирасида вазирликнинг марказий аппарати ва Тошкент шаҳар бошқармаси ходимлари иштирокида кенг кўламли тезкор амалиёт ўтказилган. Тадбир давомида аниқланишича, гуруҳ аъзолари Android операцион тизимида ишлайдиган қурилмалар учун махсус зарарли “apk” файллар тайёрлаб, уларни фуқароларга тарқатиш орқали СМС хабарлар, қўнғироқлар ва контакт маълумотларига ноқонуний йўл билан эга бўлиб келган.

Текширув жараёнида вирусли дастурлар махсус Telegram гуруҳларига улангани ва бу гуруҳда турли мамлакат фуқароларидан иборат 11 нафар шахс мавжудлиги маълум бўлди. Улар мунтазам равишда фуқароларнинг шахсий маълумотларини ўғирлаб, ўзаро тақсимлашган.

Олиб борилган тезкор-қидирув ҳаракатлари натижасида жиноий гуруҳнинг беш аъзоси қўлга олинди. Улар яшаган уйлар ҳамда телефон қурилмалари кўздан кечирилганда, 130 нафардан ортиқ фуқародан жами 3 миллиард сўмга яқин маблағ ўғирлангани аниқланди.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича иш қўзғатилган ва гумонланувчилар процессуал тартибда ушланган. Шу билан бирга, жиноий гуруҳ билан алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш мақсадида республика ҳудуди бўйлаб махсус тезкор-қидирув тадбирлари давом эттирилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Тошкентда “apk” вируси орқали 3 млрд. сўм ўғирлаган жиноий гуруҳ фош этилди