Ҳиндистоннинг нуфузли ERA университети бош директори Али Хон раҳбарлигидаги делегация Ўзбекистонга амалий ташриф буюриб, Андижон давлат тиббиёт институтида (АДТИ) муҳим учрашувлар ўтказди. Бу сафар тиббиёт таълими соҳасида янги ҳамкорлик йўналишларини белгилаш ва амалий қадамлар ташлаш билан ёдда қолди.
Музокараларда икки мамлакат тиббиёт таълими тизими ўртасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Жумладан, талаба ва ўқитувчилар алмашинуви дастурлари, симуляцион таълим тизимини янада такомиллаштириш, илмий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда қўшма ташаббусларни амалга ошириш масалалари кун тартибига қўйилди.
Учрашув якунида муҳим шартнома имзоланди. Унга кўра, ўзбекистонлик талаба ва ўқитувчилар Ҳиндистоннинг етакчи клиникаларидан бирида стажировкаларда иштирок этиш имкониятига эга бўлади. Бу эса уларнинг касбий тажрибасини бойитиш ва тиббиёт соҳасида халқаро амалиётга эга мутахассис сифатида шаклланишига замин яратади.
Ҳиндистонлик меҳмонлар АДТИнинг клиник базаси ҳамда замонавий симуляцион маркази фаолияти билан яқиндан танишди. Шунингдек, институтда таҳсил олаётган ҳиндистонлик ёшлар билан учрашиб, уларнинг билим олиш жараёнини кузатдилар.
ERA университети делегацияси сафари фақат Андижон билан чекланмади. Нукус шаҳрида ҳам қатор учрашувлар ўтказилиб, қўшма лойиҳалар ва янги ташаббусларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Мазкур ташриф икки давлат ўртасида тиббиёт таълими ва амалиёти соҳасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлайди, янги қўшма дастурлар ва ҳамкорлик йўналишлари учун пойдевор яратади, деб кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!