date

UGaz тизими АГТКШларда шаффофлик ва хавфсизликни таъминлайди

UGaz тизими АГТКШларда шаффофлик ва хавфсизликни таъминлайди

Ўзбекистонда замонавий рақамли технологиялардан фойдаланган ҳолда автомобилларга газ қуйиш компрессор шохобчаларида бутунлай янги тизим – UGaz йўлга қўйилди. Энергетика вазирлиги тарқатган маълумотга кўра, бу янгилик «Ягона интегратор Uzinfocom» томонидан амалга оширилди ва у тизим самарадорлиги, шаффофлиги ҳамда хавфсизлиги билан аҳамиятли ислоҳот сифатида баҳоланмоқда.

UGaz орқали ҳар бир газ тўлдириш шохобчасидаги жараёнлар реал вақт тартибида қайд этилади. Бундай механизм қўлда ҳисоб-китоб юритиш заруратини деярли йўқотади, назоратни кучайтиради ва ноқонуний ҳолатлар содир бўлишига йўл қўймайди. Энг асосийси, бу истеъмолчилар хавфсизлигини таъминлаб, хизмат кўрсатиш жараёнларида очиқлик ва ишонч муҳитини яратади.

Шохобчага келган ҳар бир автомобил автоматик равишда текширилади: унинг техник кўрик муддати ўтмагани, баллоннинг рўйхатдан ўтгани ва ёқилғи турининг мос келиши зудлик билан аниқланади. Агар текширув натижасида мос келмаслик ёки муддат ўтиб кетган ҳолат қайд этилса, тизим дарҳол операторга хабар юборади.

Вазирлик таъкидлашича, UGaz орқали табиий газ тақсимоти тўлиқ шаффоф ҳисобга олинади. Бу шохобчаларда газ ҳажмларининг аниқ қайд этилиши, ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш ва тизим самарадорлигини оширишга хизмат қилади. Шу билан бирга, ҳар бир колонка ва у ерда ишлаётган ходимнинг фаолияти онлайн назорат остида бўлади.

Мазкур тизим нафақат Энергетика вазирлиги, балки манфаатдор бир қанча тузилмалар – Ички ишлар вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, «Тошшаҳартрансхизмат» АЖ, «Энергоназорат» платформаси ва One ID билан интеграция қилинган. Демак, барча маълумотлар ягона тизим орқали назорат қилинади, бу эса газ тақсимоти соҳасида шаффофлик ва қонунийликни янада кучайтиради.

Mутахассислар фикрича, UGaz нафақат газ қуйиш жараёнларини тартибга солади, балки хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаб, бутун тизимни янги босқичга кўтаради. Бу эса мамлакатда энергия ресурсларидан самарали фойдаланиш ва хавфсизлик даражасини ошириш йўлида муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » UGaz тизими АГТКШларда шаффофлик ва хавфсизликни таъминлайди