date

Пахта теримига мажбурлаган мансабдорлар жазога тортилди

Пахта теримига мажбурлаган мансабдорлар жазога тортилди

Сурхондарё вилоятида давлат хизматчилари пахта теримига ходимларни мажбурий жалб қилгани учун жавобгарликка тортилди.

Маълум бўлишича, Қумқўрғон тумани ҳокимининг ўринбосари Н. Жумаева оила ва хотин-қизлар фаолларига теримчиларни пахта теримига чиқариш бўйича кўрсатма берган. Тергов натижасида бу ҳолат тасдиғини топди ва унга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 51-модда 1-қисми асосида жарима қўлланилди, деб хабар берди Бандлик вазирлиги.

Шунингдек, Бухоро шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги Ахборот-кутубхона маркази раҳбари Н. Аминова ҳам худди шундай ҳолат учун жаримага тортилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги хабарига кўра, пахта йиғим-терими мавсумида Давлат меҳнат инспекцияси томонидан болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, шунингдек, меҳнат қонунчилигига риоя этилишини таъминлаш мақсадида доимий мониторинг олиб борилмоқда.

Ҳозирга қадар умумий ҳисобда 74 та меҳнат қонунчилиги бузилиши ҳолати аниқланган. Меҳнат қонунларини бузган шахсларга Маъмурий кодекснинг 49-моддаси асосида жарималар қўлланилган.

Бундан ташқари, 8 нафар мансабдор МЖтКнинг 51-моддаси 1-қисмига биноан жазоланди. Шу билан бирга, 1400 нафардан ортиқ теримчи билан мавсумий меҳнат шартномалари тузилишида амалий ёрдам кўрсатилган.

Бандлик идоралари таъкидлашича, пахта мавсумида мажбурий меҳнат ҳолатларига қарши кураш қатъий давом эттирилади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Пахта теримига мажбурлаган мансабдорлар жазога тортилди