
Кўл атрофида туризм драйвери ва транспорт алоқаси
Президент раислигида ўтказилган Жиззах вилояти бўйича йиғилишда асосий эътибор туризм инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилди. Айдар-Арнасой кўли атрофида замонавий қирғоқ туризм комплекси ва соғломлаштириш маркази қурилгани Арнасой тумани аҳолисининг даромади ошишига сезиларли рағбат бўлди.
Эндиликда Арнасой аэропортида йирик ҳаво кемаларини қабул қилиш салоҳиятини ошириш зарурлиги қайд этилди. Бундан ташқари, кўл ҳудудигача транспорт алоқасини яхшилаш мақсадида темир йўл олиб келинади. «Ўзбекистон темир йўллари» компаниясига Дўстлик туманидан кўлгача 45 километрли янги темир йўл линиясини бунёд этишга кўрсатма берилди. Шунингдек, 7 миллиард сўм ҳисобига тумандаги Бахтли маҳалласи инфратузилмаси яхшиланиб, уни тўлиқ туризм қишлоғига айлантириш белгиланди.
Шаҳар марказининг янгиланиши: Сангзор дарёси лойиҳаси
Жиззах шаҳри марказидаги «Истиқлол» боғи ва унга туташ Сангзор дарёси бўйидаги ерлар анча йиллар давомида эътиборсиз қолган эди. Жорий йил бошида ажратилган 24 миллиард сўм натижасида бу жойларнинг қиёфаси бутунлай янгиланиб, одамлар дам олиш ва кўнгилочар ҳудудга айлантирилди. Келаси йилда Сангзор дарёсини тозалаш, сув билан тўлдириш, кўприк ва амфитеатр қуриш учун яна 20 миллиард сўм маблағ йўналтирилиши кўзда тутилди.
Йўл бўйи сервиси ва хавфсизлигини ошириш
М-39 ва А-376 халқаро йўлларнинг Жиззах ҳудудидан ўтган 150 километр қисми йўл бўйи сервисини ривожлантириш учун катта салоҳият манбаи экани таъкидланди. Магистрал йўл бўйида Европа стандарти бўйича 2 тадан савдо-сервис мажмуасини ишга тушириш муҳимлиги қайд этилди. Шунингдек, М-39 магистрал йўлининг 98 километр қисмида транспорт воситаларининг хавфсизлигини таъминлаш учун шароитларни яхшилаш устувор вазифа этиб белгиланди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.