date

«Шерхон» тахаллусли блогер президентни ҳақоратлагани учун 4 йилга қамалди

«Шерхон» тахаллусли блогер президентни ҳақоратлагани учун 4 йилга қамалди

Суд Қашқадарё вилоятида туғилган, ижтимоий тармоқларда «Шерхон» номи билан танилган Амон Юсуповни Ўзбекистон президентини ҳақорат қилишда айбдор деб топиб, озодликдан маҳрум этди. Бу ҳақда podrobno.uz хабар беради.

Судда аниқланишича, 2023 йил февралида у Қозоғистон ҳудудида бўлган пайтда TikTok’да жонли эфирга чиқиб, давлат раҳбари ва мамлакат раҳбариятига нисбатан ҳақоратли фикрлар билдирган. Видео қисқа фурсатда тарқалиб, жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган.

Воқеадан сўнг Юсупов узоқ муддат Ўзбекистон ташқарисида яшаган: аввал Туркияда, кейин Озарбайжонда бўлган. Жорий йил апрелида у Озарбайжон ҳудудида Давлат хавфсизлик хизмати ходимларининг тезкор тадбирлари натижасида қўлга олингани қайд этилди.

Суд мажлисида Амон Юсупов айбини тўлиқ тан олиб, омма олдида узр сўраган ва қилмишидан пушаймонлигини билдирган. Унинг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 158-моддаси 3-қисми («Ўзбекистон Республикаси президентига тажовуз») билан малакаланди ва 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шунингдек, у аввал ҳам ҳуқуқбузарликлар бўйича жавобгарликка тортилгани, бироқ ўша сафарларда енгилроқ чоралар қўллангани билдирилди.

Human Rights Watch аввалроқ Ўзбекистонда интернетдаги фикрлар, жумладан президент ва унинг оила аъзоларини танқид қилиш билан боғлиқ чиқишлар учун таъқиб ишлари кўпаяётганидан хавотир билдирган. Ташкилот маълумотига кўра, 2024 йилда судлар бир нечта шундай ишларни кўриб чиққан, экспертлар эса буни фикр билдириш эркинлиги билан боғлиқ ҳуқуқларга зид ҳолат сифатида баҳолаган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » «Шерхон» тахаллусли блогер президентни ҳақоратлагани учун 4 йилга қамалди