date

«Zootopia 2» Ўзбекистон прокатида рекорд касса йиғимини қайд этди

«Zootopia 2» Ўзбекистон прокатида рекорд касса йиғимини қайд этди

Дунё миқёсида катта шов-шувга сабаб бўлган «Zootopia 2» мультфильми Ўзбекистон кинотеатрларида ҳам мисли кўрилмаган натижани қайд этди. Мазкур анимацион картина нафақат маҳаллий, балки хорижий мультфильмлар орасида ҳам касса йиғими бўйича мутлақ етакчига айланди.

Маълумотларга кўра, «Zootopia 2» тўрт ҳафталик прокат давомида 10 миллиард сўмлик муҳим чегарани босиб ўтди. Аниқ рақамларда айтганда, мультфильм 43 992 нафар томошабинни жалб этган ҳолда 10 600 407 350 сўм, яъни тахминан 880 минг АҚШ доллари миқдорида даромад келтирди. Бу кўрсаткич Ўзбекистон анимация прокати тарихида алоҳида рекорд сифатида қайд этилмоқда.

Мультфильмнинг кунлик кўрсаткичлари ҳам барқарор юқори бўлиб қолмоқда. Масалан, ўтган шанба кунигина «Zootopia 2»ни томоша қилиш учун 1693 нафар мухлис кинотеатрларга ташриф буюрган. Шу куннинг ўзида касса тушуми 93 254 500 сўмни, яъни қарийб 7 700 АҚШ долларини ташкил этган.

Қайд этилишича, мультфильм мамлакат бўйлаб жами 13 та кинотеатрда намойиш этилган. Улардан саккизтаси Тошкент шаҳрида жойлашган бўлса, қолганлари Андижон, Самарқанд, Бухоро, Урганч ва Жиззах шаҳарларида фаолият олиб борган. Бу эса «Zootopia 2»нинг нафақат пойтахтда, балки ҳудудларда ҳам катта қизиқиш уйғотганини кўрсатади.

Мутахассислар фикрича, мультфильмнинг шундай юқори натижаларга эришишига сюжетнинг қизиқарлилиги, сифатли дубляж, шунингдек, барча ёш тоифалари учун мос мазмун катта таъсир кўрсатган. «Zootopia 2» ҳали яқин вақт давомида ҳам Ўзбекистон прокатида ўз етакчилик позициясини сақлаб қолиши кутилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » «Zootopia 2» Ўзбекистон прокатида рекорд касса йиғимини қайд этди