11 февралдан метан "заправка"лар барча ҳудудларда тўлиқ очилади

Энергетика вазирлиги хабарига кўра, 11 феврал куни соат 9:00 дан бошлаб республика бўйича метан қуйиш шохобчалари босқичма-босқич одатий иш тартибига қайтади. Яъни фақат пойтахтда эмас, водий вилоятларида ҳам метан заправкалар яна тўлиқ форматда ишлай бошлаши кутилмоқда.
Бу янгилик кўп ҳайдовчилар учун айни муддао: сўнгги ҳафталарда метан масаласи “қачон очилади?” деган саволни кун тартибидан туширмай қўйган эди.
Эслатиб ўтамиз, ҳаво ҳарорати кескин тушиб кетгани сабаб 20 январдан республикада метан "заправка"лар фаолиятига чеклов киритилганди. Кейинроқ, 2 февралдан эътиборан талаб ва имкониятларни ҳисобга олган ҳолда чеклов бироз юмшатилиб, шохобчаларга соат 10:00 дан 16:00 гача ишлашга рухсат берилган.
Энди эса 11 февралдан 9:00 дан бошлаб, ўша вақтинчалик тартиб бекор қилиниб, метан қуйиш нуқталари одатдаги режимга қайтаяпти.
Ҳайдовчиларга кичик маслаҳат: биринчи кунлари айрим жойларда навбат кўпайиши мумкин — чунки ҳамма “ниҳоят!” деб бир вақтда чиқади. Шунинг учун имконият бўлса, вақтни тўғри танлаб, тирбанд бўладиган соатлардан четроқ ҳаракат қилиш фойда беради.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!