date

Ўзбекистон Афғонистон ва Покистонни дарҳол тийилишга чақирди

Ўзбекистон Афғонистон ва Покистонни дарҳол тийилишга чақирди

Фото: AFP

Ўзбекистон Афғонистон ва Покистон ўртасидаги чегара ҳудудида вазият тобора кескинлашиб бораётганидан жиддий хавотир билдириб, томонларни зудлик билан отишмани тўхтатишга чақирди. Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида таъкидланишича, барча келишмовчиликлар фақат тинч йўл билан, сиёсий ва дипломатик мулоқот орқали, давлатларнинг суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва ўзаро ҳурмат тамойиллари асосида ҳал этилиши лозим.

Расмий Тошкентнинг бу баёноти бежиз янграмаяпти. Чунки сўнгги кунларда Афғонистон–Покистон чегарасидаги вазият анча хавфли тус олди. 26 февраль куни Афғонистон томони Покистон зарбаларига жавобан чегара ҳудудларида махсус амалиёт бошланганини маълум қилди. Reuters ва бошқа халқаро манбаларга кўра, бу тўқнашувлар икки томон ўртасидаги энг жиддий ҳарбий тарангликлардан бирига айланиб улгурган.

Маълумотларга қараганда, Покистон ўтган ҳафта Афғонистон шарқида жойлашган, ўз талқинига кўра, “Таҳрики-Толибон Покистон” ва “ИШИД — Хуросон вилояти”га боғлиқ лагерлар бўйлаб зарбалар йўллаган. Исломобод бу ҳаракатни Покистон ҳудудидаги давомли терактларга жавоб сифатида изоҳламоқда. Покистон расмийлари ушбу гуруҳлар етакчилари Афғонистон ҳудудида яшириниб, ўша ердан туриб ҳужумларни режалаштираётганини айтиб келмоқда.

Вазиятнинг нақадар оғирлашганини Покистон мудофаа вазири Ҳаважа Осифнинг баёноти янада яққол кўрсатди. У 27 февраль куни Покистон Афғонистон билан “очиқ уруш” ҳолатига кирганини айтди. Reuters бу сўзларни икки давлат ўртасидаги муносабатлар энди оддий дипломатик тарангликдан анча юқори босқичга чиққанининг очиқ белгиси сифатида баҳолади.

Шу фонда Ўзбекистоннинг вазмин баёноти минтақада тинчлик ва барқарорликни сақлаш нуқтаи назаридан муҳим сигнал бўлди. Тошкент очиқчасига шунга урғу бермоқда: ҳарбий жавоблар занжири ҳеч кимга наф келтирмайди, аксинча, бутун минтақа хавфсизлигига таҳдидни кучайтиради. Айниқса, қўшни ҳудудларда отишмаларнинг авж олиши Марказий Осиё учун ҳам бефарқ масала эмас.

Қисқаси, Ўзбекистоннинг чақируви — шунчаки дипломатик баёнот эмас, балки вазият янада издан чиқиб кетмасидан олдин томонларни ақл ва музокарага қайтишга ундаган жиддий огоҳлантиришдир. Энди энг муҳим савол битта: Афғонистон ва Покистон қурол овозини тўхтатиб, сиёсий мулоқот йўлини танлай оладими?

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистон Афғонистон ва Покистонни дарҳол тийилишга чақирди