Жиззахда боғчада бассейнга тушиб чўкиб ўлган 1,5 ёшли қизча иши бўйича ҳукм ўқилди

Жиззахдаги «Меҳрли юлдуз» хусусий боғчасида юз берган фожиа – бассейнга чўкиб ўлган бола иши бўйича суд ҳукми эълон қилинди. Суд қарорига кўра, боғча раҳбари Мавлуда Яқубова ва тарбиячиси Зилола Абилқосимовага озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Ҳукм ҳали қонуний кучга кирмади.
Ҳодиса 2025 йил 24 октябр куни содир бўлган. Тушлик пайти болаларни овқатлантиришга олиб чиқишда 1,5 ёшли қизни йўқотиб қўйган тарбиячи бироздан сўнг уни бассейнда чўкиб турган ҳолатда топган. Шу асосда Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) бўйича жиноят иши қўзғатилган эди.
Мирзачўл тумани суди боғча раҳбари, 66 ёшли Мавлуда Яқубовага 5 йил озодликни чеклаш жазосини тайинлади ва 20,6 млн сўм жарима солди. Боғча тарбиячиси, 38 ёшли Зилола Абилқосимова эса 3 йил озодликни чеклаш жазоси олди.
Суд ҳукми ҳали қонуний кучга кирмаган, томонлар шикоят қилишга ва прокурор протест келтиришга ҳақли.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!