date

Ўзбекистоннинг машҳур журналист ва шоири Карим Баҳриев ҳаётдан кўз юмди

Ўзбекистоннинг машҳур журналист ва шоири Карим Баҳриев ҳаётдан кўз юмди

Ўзбекистоннинг маҳбуб журналист ва шоири Карим Баҳриев оғир касаллик сабаб 64 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Журналистлар уюшмаси маълумот берди. Бир неча кун олдин у геморагик инсулт ташхиси билан шифохонага ётқизилган эди.

Карим Баҳриев 1962 йил 15 июлда Самарқанд вилояти, Ургут туманида туғилган. У Самарқанд давлат университети ва кейин Москва давлат университетининг журналистика факультетини тамомлаган.

У ўз ҳаёти давомида журналист, ёзувчи, таржимон ва сиёсатчи сифатида фаолият юритди. 1990–1995 йилларда парламент депутати сифатида ҳам ишлади. Турли йилларда «Ўзбекистон адабиёти ва санъати», «Маърифат» газеталарида, «Жаҳон адабиёти», «Дугоналар» нашрларида фаолият кўрсатди ва 90-йилларда «Ҳуррият» газетаси бош муҳаррири лавозимида танилди.

Карим Баҳриев кўплаб илмий, оммабоп ва адабий асарларнинг муаллифи эди. Унинг шеърий тўпламлари орасида «Сабр косасининг синиқлари», «Томчидил» каби китоблар бор. Шунингдек, журналистика ва ҳуқуқ соҳасида ҳам қатор асарлар ёзди. 2000-йиллар бошида нашр қилинган «Сўз эркинлиги ҳақида сўз» номли китоби катта шов-шув уйғотган эди.

Сўнгги йилларда у таржима соҳасида самарали фаолият юритди. Карим Баҳриев Платон, Волтер, Монтен, Паскал, Вовенарг, Ларошфуко, Лабрюернинг фалсафий асарларини, жаҳон халқларининг ҳикматларини, Генри Форднинг «Менинг ҳаётим», Жорж Оруэллнинг «1984» ва «Молхона», Светлана Алексеевичнинг «Чернобил таваллоси» романларини, Малколм Гладуэлнинг «Даҳолар ва уддабуронлар» асарларини ҳамда Чингиз Айтматов, Дино Буссати ва Жованни Папини ҳикояларини ўзбек тилига таржима қилган.

Карим Баҳриев Журналистлар уюшмаси Жамоатчилик кенгаши раиси, Ёзувчилар уюшмаси ва Журналистлар уюшмаси аъзоси эди. Шунингдек, у Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида медиа ҳуқуқи ва этикаси фанидан мутахассис сифатида талабаларга дарс бериб келаётганди.

Унинг бебаҳо мероси, ёзган асарлари ва таржималари нафақат адабиёт ва журналистика соҳасига, балки бутун жамиятга улкан ҳисса қўшди. Бу буюк шахс ҳақида хотиралар муҳаббат ва ҳурмат билан сақланади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистоннинг машҳур журналист ва шоири Карим Баҳриев ҳаётдан кўз юмди