Тошкентда ноқонуний кўчириб ўтказилган дарахтларнинг 107 таси қуриб кетди

Тошкент шаҳрида Шайхонтоҳур тумани, “Юнона” МФЙ, Абу Али ибн Сино кўчаси ҳудудида ўрганиш ишлари олиб борилди.
Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Давлат экологик назорат инспекциясига (Экополитсия) келиб тушган мурожаат асосида ҳудуддаги ёпиқ коллектор ҳудуди текширилди.
Текширув натижасида 108 туп дарахт ноқонуний тарзда кўчириб ўтказилгани аниқланган.
Дарахтларнинг ҳолати ўрганилганда, 107 туп дарахт – шу жумладан 12 туп можжевелник (арча) ва 95 туп Элдор қарағайи – қуриб қолганлиги маълум бўлди.
Шуни таъкидлаш лозимки, бу дарахтлар бўйича Тошкент шаҳар экология бош бошқармасига мурожаат қилинган, бироқ бошқарма рад жавобини берган.
Шунга қарамай, дарахтлар ноқонуний тарзда кўчириб ўтказилган.
Ҳуқуқбузарлик натижасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 22 ноябрдаги 464 сонли қарорига мувофиқ – “Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш ва улардан фойдаланиш тартибини янада такомиллаштириш тўғрисида” – табиатга 881 миллион 268 минг сўм миқдорида зарар етказилган.
Ҳозирда ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга тақдим этиш учун тайёрланмоқда.