Қарши туманида тиланчи аёл 15 миллион сўмлик узукларни қўлга киритди

Маълум бўлишича, муқаддам судланган, Шаҳрисабз туманида яшовчи 33 ёшли аёл Қарши туманидаги хонадонлардан бирига бакалашка сўраган шахс сифатида киради. У хонадон бекасига ўзини “эскича”дан хабари бор, яъни турли дуоларни даф қилувчи сифатида таништиради.
Шундан сўнг аёл хонадон эгасини алдаб, унинг фарзандига зарар етказувчи дуо қилинганини, агар бу “дуо” тезда бартараф этилмаса, қисқа фурсатда оғир оқибатларга олиб келиши мумкинлигини айтади. Вазиятдан фойдаланиб, у дуони ҳайдаш баҳонасида хонадон бекасига тегишли, умумий қиймати 15 000 000 сўм бўлган икки дона тилла узукни фирибгарлик йўли билан қўлга киритади.
Кейинчалик ушбу узукларни ўз танишларига сотиб юборган ва қўлга киритилган пулларни шахсий эҳтиёжлари йўлида сарфлаб юборган. Ушбу ҳолат бўйича олиб борилган суриштирув ишлари давомида унинг фирибгарлик йўли билан ҳаракат қилгани аниқланган.
Суд томонидан мазкур жиноятни содир этган 33 ёшли аёл айбдор деб топилиб, унга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баробари миқдорида жарима жазоси тайинланди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари фуқароларни бундай ҳолатларга алданиб қолмасликка, бегона шахсларга ишонч билдирмасликка чақирмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!