Ўзбекистонда 4000 йил аввал бош суягида операция қилинган бола топилди

Сурхондарё вилоятидаги қадимий Жарқўтон манзилгоҳида олиб борилган қазишмалар давомида ноёб археологик топилма аниқланди. Италиялик ва ўзбекистонлик олимлар тахминан 4000 йил аввал яшаган болага тегишли бош суягида жарроҳлик амалиёти изларини топди.
Италия Ташқи ишлар вазирлиги сайтида эълон қилинган маълумотга кўра, қабр ичидан икки нафар болага тегишли қолдиқлар аниқланган. Улардан бирининг бош суягида трепанация, яъни бош суягида махсус тешик очиш билан боғлиқ қадимий жарроҳлик амалиёти излари қайд этилган.
Мутахассисларнинг фикрича, бу Марказий Осиё ҳудудида ҳозиргача ҳужжатлаштирилган энг қадимги трепанация ҳолати бўлиши мумкин. Топилма Саленто университети профессори Энрико Аскалоне ва Термиз давлат университети профессори Алишер Шайдуллаев бошчилигидаги Италия–Ўзбекистон археологик экспедицияси томонидан ўрганилган.
Қабрда тахминан уч ва беш ёшли икки бола бирга дафн этилгани аниқланган. Олимлар қабрнинг ёши қарийб 4000 йил эканини таъкидлашмоқда.
Тадқиқотчилар бу операция нима мақсадда амалга оширилганини ҳозирча аниқ айта олмаяпти. У даволаш, оғриқни камайтириш ёки маросимий мақсадларда бажарилган бўлиши мумкин. Кейинги илмий тадқиқотлар ушбу сирга ойдинлик киритиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!