Инсон вафот этса, унинг Facebook ва Instagram саҳифаси нима бўлади?

Инсон вафот этса, унинг Facebook ва Instagram саҳифаси нима бўлади?

Одам ҳаётдан кўз юmsа, унинг ижтимоий тармоқдаги саҳифаси дарҳол йўқолмайди. Суратлар, видеолар, қолдирилган изоҳлар ва бошқа маълумотлар платформада йиллар давомида сақланиши мумкин. Шу сабаб сўнгги йилларда «рақамли мерос» тушунчаси кўпроқ муҳокама қилинмоқда.

Тармоқларда ҳар куни 8 мингга яқин Facebook фойдаланувчиси вафот этиши, бу ҳар икки дақиқада 11 кишини ташкил қилиши ҳақидаги рақамлар учрайди. Математик жиҳатдан 11 киши ҳар икки дақиқада дегани бир суткада 7 920 киши бўлади. Аммо бу Метанинг ҳозирги расмий ҳисоботи эмас, балки аввалги йилларда келтирилган тахминий кўрсаткичдир.

Facebookда вафот этган фойдаланувчилар сони қачон тириклардан ошиб кетиши ҳақидаги энг кўп тилга олинадиган тадқиқот 2019 йилда эълон қилинган. Оксфорд интернет институти олимлари Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ўлим кўрсаткичлари ва Facebookнинг 2018 йилдаги аудитория маълумотларидан фойдаланган.

Тадқиқотда икки хил сценарий кўрилган. Агар Facebookга янги одамлар умуман қўшилмаса, марҳум фойдаланувчилар профили 2070 йиллар атрофида тирикларникидан кўпайиши мумкин. Агар платформа ўсишда давом этса, бундай нуқта кейинроқ келади, аммо 2100 йилгача вафот этган фойдаланувчиларга тегишли профиллар сони 4,9 миллиарддан ортиши эҳтимоли бор.

Шунинг учун 2050 йилни аниқ чегара сифатида кўрсатиш ишончли эмас. Бундан ташқари, тадқиқот асосан Facebook ҳақида бўлган. Instagramда ҳам хотира профиллари мавжуд, лекин у ерда марҳумлар сони қайси йилда тирик фойдаланувчилардан ошиб кетиши бўйича ушбу тадқиқот аниқ прогноз бермаган.

Meta қоидаларига кўра, вафот этган инсоннинг Facebook аккаунти яқинларининг мурожаатидан кейин хотира саҳифасига айлантирилади. Бундай аккаунт ҳимояланади ва унга ҳеч ким оддий тартибда кира олмайди. Дўстлар ва оила аъзолари эса саҳифадаги хотираларни кўришда давом этади.

Фойдаланувчи олдиндан ишончли шахсни меросхўр алоқа сифатида танлаши мумкин. У хотира ёзувини юқорига маҳкамлаш, янги дўстлик сўровларига жавоб бериш ва профил суратини алмаштириш каби чекланган ҳуқуқларга эга бўлади. Аммо шахсий хабарларни ўқий олмайди.

Яқин қариндошлар тегишли ҳужжатларни тақдим этиб, аккаунтни бутунлай ўчиришни ҳам сўраши мумкин. Instagramда ҳам ўлимни тасдиқловчи манба тақдим этилса, профил хотира саҳифасига айлантирилади.

Интернетда қолган маълумотлар кейинчалик оила учун хотира, тадқиқотчилар учун тарихий манба ёки ҳуқуқий масалага айланиши мумкин. Оксфорд тадқиқотчилари миллиардлаб профилларни фақат хусусий компания тасарруфида сақлаш ахлоқий ва сиёсий саволларни келтириб чиқаришини таъкидлаган. Улар рақамли меросни бошқаришда оилалар, тарихчилар, қонун чиқарувчилар ва платформалар манфаатини ҳисобга оладиган тартиб зарурлигини айтган.

Бугун жойланган оддий сурат ёки изоҳ йиллар ўтиб инсондан қолган асосий рақамли хотиралардан бирига айланиши мумкин. Шунинг учун ижтимоий тармоқдаги саҳифа тақдирини олдиндан белгилаб қўйиш ҳам шахсий маълумотларга муносабатнинг бир қисмига айланмоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар