Болаларни ҳимоя қилиш бўйича янги қоидалар: жиддий чеклов киритилмоқда

Болаларни ҳимоя қилиш бўйича янги қоидалар: жиддий чеклов киритилмоқда

Сенатнинг навбатдаги мажлисида болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга қаратилган қонун маъқулланди.

Ушбу ҳужжат таълим муассасаларида вояга етмаган болаларнинг шаъни, қадр-қиммати ва дахлсизлигини ҳимоя қилиш бўйича янги ҳуқуқий механизмларни назарда тутади.

Болаларга нисбатан зўравонлик учун жавобгарлик белгиланмоқда

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимча ва ўзгартиришлар киритилмоқда.

Эндиликда таълим ташкилотида тарбия ва таълим бериш жараёнида вояга етмаган болага нисбатан жисмоний зўравонлик содир этиш, шунингдек уни таҳқирлаш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлади.

Педагогик фаолиятга бир йиллик чеклов

Қонунга кўра, педагогик фаолият давомида вояга етмаганга нисбатан жисмоний ёки руҳий зўравонликка оид ҳуқуқбузарлик содир этган шахсга нисбатан қўшимча чеклов ҳам қўлланади.

Бундай шахс маъмурий жавобгарликка тортилганидан кейин бир йил давомида мактабгача таълим ташкилотида педагогик фаолият билан шуғуллана олмайди.

Алимент бўйича ҳам муҳим ўзгариш бор

Ҳужжатда давлат ёки нодавлат муассасасининг тўлиқ таъминотида бўлган бола учун ота ёки онани алимент тўлашдан озод қилишга йўл қўйилмаслиги белгиланмоқда.

Бу норма боланинг моддий таъминоти бўйича ота-она масъулиятини сақлаб қолишга қаратилган.

Етим болалар фақат қариндошлар тарбиясига берилади

Қонун билан етим бола ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болани фақат қариндошлари тарбиясига бериш тартиби жорий этилмоқда.

Сенаторлар фикрича, бу болаларнинг манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ва уларни яқин ижтимоий муҳитда тарбиялаш имконини кучайтиришга хизмат қилади.

Қонун ҳали кучга киргани йўқ

Сенаторлар ушбу қонун таълим муассасаларида болаларнинг ҳуқуқлари, қадр-қиммати ва дахлсизлигини таъминлаш бўйича ҳуқуқий кафолатларни мустаҳкамлашини таъкидламоқда.

Қонун президент томонидан имзоланганидан кейин кучга киради.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар