Танишларимдан бири корхонада юзага келган вазият туфайли раҳбари билан келишолмай қолганини айтди.
– Уч-тўрт ой олдин бир муаммо туфайли бормаган идорамиз, мурожаат қилмаган раҳбаримиз қолмади, – дейди у. – Ҳеч ким бу масала бизга тегишли демайди, бошқа идорага юборади, бир-бирига солади. Охир оқибат Президент Виртуал қабулхонасига мурожаат қилишга мажбур бўлдик. Шундан кейин ўзимизнинг бошлиқ ҳам, вилоят даражасидаги раҳбаримиз ҳам бизни чақириб, «Нега порталга ёзасизлар, ўзимиз ҳал қилар эдик» деб уришди. Ваҳоланки, иккала раҳбарга ҳам бу масалани бир неча бор айтгандик. Энди бошлиғимиз ишимиздан камчилик қидирадиган, ҳар бир йиғилишда бизга қаттиқ гапирадиган бўлиб қолган. Айбимиз – ҳақ-ҳуқуқимизни талаб қилганимиз, порталга ёзганимиз…
Таниш манзара, ходимлардан ўч олишнинг эски усули. Ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилган киши, раҳбарнинг фикрига қарши гапирган ходимнинг бошига тушадиган ҳолат. Лекин ўша раҳбар ҳар бир фуқаро, у қайси вазифада эканлигидан қатъи назар, давлат органларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилганини ўйлаб кўрмайди.
Аслида ҳеч ким уйидаги гап кўчага чиқишини истамайди. Корхона, маҳаллада ҳам худди шундай – кишилар муаммоли масалалар шу жамоанинг ўзида ҳал этилишини истайди. Қачонки ўша жойдан қаноатли жавоб олмагач ёки муаммо ҳал этилмагач, юқори идораларга мурожаат қилишга мажбур бўлади. Буни ҳам тушуниш керак. Агар ҳамма муаммо ва камчиликлар қуйи идораларда ҳал этилганда, Президент халқ қабулхоналарига қисқа вақтда юз минглаб мурожаат тушмаган бўларди. Ана шу рақамларни ўқиганингда яна бир ўй ўтади кўнгилдан – шунча фуқарога айрим раҳбар ва мутасаддилар нега порталга ёздинг, деб пўписа қилмаяптимикан?
Яқинда бир маҳаллага томорқадан самарали фойдаланаётган оилалар ҳақида мақола тайёрлаш учун бордик. Оқсоқолга мақсадимизни билдириб, фикрлашаётганимизда маҳалла посбони фуқаролар йиғини биноси рўпарасидаги ҳовли саранжом-саришта, томорқасида бир неча хил экинлар экилганини айтди. Раис эса бирдан рад этди: «Бўлмайди. Маҳалламизга газ баллон келтиришмаяпти, деб порталга ёзиб, ҳаммани овора қилди-ку. Ҳозир борсак, яна бир нималар дейди».
Оқсоқолнинг гапидан таажжубланиб, сўраб-суриштирсак, маҳаллада яшовчи ўқитувчи газ баллони вақтида берилмаётгани ва белгиланган нархдан юқори сотилаётгани ҳақида Виртуал қабулхонага мурожаат қилган экан. Наҳотки айрим кишиларнинг ноинсофлигидан шикоят қилиб, ўз ҳуқуқини талаб қилган зиёли ёмонотлиқ бўлса-ю бировнинг ҳақини ейишдан қўрқмайдиган «воситачи» тадбиркор ҳисобланса? Оқсоқол учун уларнинг қайси бири афзал – халқнинг дардини айтиб, маҳалладаги ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлашга ёрдам бераётган ўқитувчими ёки одамларнинг давлатга бўлган ишончига путур етказаётган воситачими?
Давлат раҳбари ҳар бир чиқишида, аҳоли билан мулоқотида халқ ичига кириб бориш, уларнинг дардларини тинглашни ҳар бир мутасадди учун асосий вазифа қилиб қўяётган, ўзи бу борада ибрат кўрсатаётган бир пайтда нима учун айримлар ҳали ҳамон ўзгармайди, мурожаатга муносабатини ўзгартирмайди? Ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қилган кишини қачонгача «ёзувчи»га чиқарамиз?
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шимолий Корея Россияга узоққа зарба берувчи қуроллар юборди
Ким Чен Ин ҳарбийларни жанговар ҳолатда туришга чақирди
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Ўзи чой дамлайди ва суҳбатлашади: дунёдаги биринчи “ақлли” чойнак тақдим этилди (видео)
Туркия Исроил президенти самолётини ҳаво ҳудудига киритмади
Дунёнинг машҳур аёллари кунни қандай бошлайди?
Омега-3 қандай қилиб озишга ёрдам беради?