Томди туман суди раиси Азиза Мирзаева ЙТҲда ҳалок бўлди

Навоий вилояти жиноят ишлари бўйича Томди туман суди раиси Азиза Мирзаева 15 август куни «Зарафшон–Томди» автомобил йўлида содир бўлган ЙТда ҳалок бўлди. Дастлабки маълумотларга кўра, у Зарафшон шаҳридан Томди тумани томон Кобалт автомашинасида кетаётиб, бошқарувни йўқотган ва автомобил ағдарилган. Олий суд 15 август куни суд тизими учун мажлис ўтказилгани ҳамда суд раисларига дам олиш куни хизмат жойига келиш топширилгани ҳақидаги хабарларни рад этди.
Навоий вилояти жиноят ишлари бўйича Томди туман суди раиси Азиза Мирзаева йўл-транспорт ҳодисасида ҳалок бўлди. Фожиали воқеа 15 август куни «Зарафшон–Томди» автомобиль йўлида содир бўлган. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати маълум қилди.
Дастлабки маълумотларга кўра, Азиза Мирзаева Зарафшон шаҳридаги иш жойидан Томди тумани томон Cobalt автомашинасида ҳаракатланаётган бўлган. Йўлда бошқарувни йўқотган автомобиль ҳаракат қисмида чиқиб кетиб, ағдарилган.
Оғир тан жароҳатлари олган суд раиси воқеа жойида вафот этган. Дастлабки тахминларга кўра, тезликни меъёрдан ошириш ҳодиса сабабларидан бири бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, ижтимоий тармоқларда 15 август куни суд тизими учун мажлис ўтказилгани ва суд раисларига унда масофадан туриб иштирок этиш топширилгани ҳақида маълумотлар тарқалди. Ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов ҳам ўз саҳифасида ушбу ҳолатга эътибор қаратган.
Олий суд эса мазкур маълумотларни рад этди. Суд матбуот хизматига кўра, 15 август куни Олий суд томонидан ҳеч қандай мажлис белгиланмаган ёки ўтказилмаган. Шунингдек, суд раисларининг дам олиш куни хизмат жойига келишини талаб қилувчи топшириқ берилмаган.
Олий суд воқеанинг сабаблари ва бошқа ҳолатларига ҳуқуқий баҳо фақат ваколатли органлар томонидан текширув якунлари асосида берилишини таъкидлади. Шу боис марҳуманинг қаерга ва қандай мақсадда йўл олгани, шунингдек, ЙТҲнинг келиб чиқиш сабаблари ҳақидаги тахминларни тасдиқланган факт сифатида тарқатишдан тийилишга чақирилди.
Айни пайтда ҳодиса юзасидан текширув ишлари давом этмоқда. ЙТҲнинг аниқ сабаблари ваколатли органлар хулосасидан сўнг маълум бўлади.






























Изоҳлар 0
…