07:44 / 17.06.2017
17 293

Сиртқи бўлимларда кимлар ўқиши мумкин?

Сиртқи бўлимларда кимлар ўқиши мумкин?
Шавкат Мирзиёевнинг «2017/2018 ўқув йилида Ўзбекистон Республикасининг олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш тўғрисида»ги қарорига мувофиқ махсус сиртқи бўлим негизида ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда билим олишни таъминлаш мақсадида мамлакатимиздаги қатор олий таълим муассасаларининг махсус сиртқи бўлимларида бакалаврларни тайёрлаш назарда тутилган.

Бу жараёнда Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус сиртқи бўлимида 100 нафар, шу жумладан, давлат грантлари бўйича 15, тўлов-контракт асосида 85 талабани ўқишга қабул қилиш режалаштирилган. Хўш, университетда қайси йўналишларда сиртқи бўлим очилади? Қабул қилиш шартлари қандай? Ўқиш муддати қанча вақтни ташкил қилади?

Бу масалаларга ойдинлик киритиш мақсадида ЎзА мухбири Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети мутасаддиларига мурожаат қилди.

Университет биринчи проректори Ф.Аъзамов:

– Шу кунгача университетимизда «Телевизион технологиялар» таълим йўналишида махсус сиртқи бўлим мавжуд эди. Унга ўтган ўқув йилида 322 абитуриент ҳужжат топшириб, уларнинг 50 нафари талабаликка қабул қилинган. Энди ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатиб, тегишли соҳада фаолият олиб бораётган мутахассисларга илмий даражасини ошириш, яъни олий маълумотли бўлиш имкони янада кенгайди. Жорий ўқув йилида университетимизда махсус сиртқи бўлим уч таълим йўналишида очилади. «Телевизион технологиялар», «Компьютер инжиниринги» таълим йўналишлари бўйича 25 нафардан, «Почта алоқаси технологияси» таълим йўналишида 50 талаба ўқишга қабул қилиниши режалаштирилган.

Сиртқи бўлимга ҳужжат топшириш учун абитуриент касб-ҳунар коллежининг мос йўналишида таҳсил олган, камида уч йил шу соҳада ишлаган бўлиши керак. Абитуриентдан ўзи ишлаётган ташкилотдан тавсиянома олиб келиш талаб этилади.

Бунда ҳужжатларни топшириш тартиби кундузги бўлим билан деярли ўхшаш. Фарқли жиҳати, «Почта алоқаси технологияси» таълим йўналишига "Ўзбекистон почтаси" акциядорлик жамияти, «Телевизион технологиялар», «Компьютер инжиниринги» таълим йўналишларига Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раҳбариятининг тавсияномаси талаб қилинади. Кириш имтиҳонлари 1 август куни тест тарзида бўлиб ўтади.

Махсус сиртқи бўлимда ўқиш муддати 3 йил. Талабалар ҳар ўқув йилида икки марта ўрта ҳисобда бир ойдан таҳсил олади. Ҳамкор ташкилотлар билан бирга ўқув режаси ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига юборилади. Талабаларга ушбу тасдиқланган ўқув режаси асосида билим берилади. Ҳар бир мутахассис ўзининг ташкилотида амалиёт ўтайди, қўшимча топшириқларни бажаради.

Бу борадаги яна бир муҳим жиҳат – ёшларнинг иш жойидан ажралмаган ҳолда таълим олиши. Бундан корхона ва муассасалар манфаатдор. Замонавий билимларни эгаллаган мутахассис ўзи ишлаб турган ташкилотида янада самарали хизмат кўрсата олади. Бу билан назария ва амалиёт уйғунлигига эришилади. Бакалавриатни тамомлаганлар ўқишни давом эттиришни истаса, магистратурада ҳам таълим олишлари мумкин.

Манба: «Uz24.uz»

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Сиртқи бўлимларда кимлар ўқиши мумкин?