Сурхондарёда 16 ёшли ўқувчи онасининг машинасида ҳалокатга учради

Сурхондарёда 16 ёшли ўқувчи онасининг машинасида ҳалокатга учради

Сурхондарё вилоятининг Термиз туманида вояга етмаган ўқувчи онасига тегишли Cobalt автомобилини бошқариб, йўл-транспорт ҳодисасига учради. Оқибатда унинг синфдоши ҳалок бўлди, ҳайдовчининг ўзи эса оғир аҳволда шифохонага олиб кетилди.

Вилоят Йўл-ҳаракат хавфсизлиги бошқармаси маълумотига кўра, ҳодиса 9 октябрь куни тахминан соат 01:00 да «Наврўз» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи D166 «Термиз шаҳри — Намун — Термиз халқаро аэропорти» автомобиль йўлининг 11-километрида содир бўлган.

Дастлабки маълумотларга кўра, Термиз шаҳридаги 25-мактабнинг 10-синф ўқувчиси бўлган, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган ўсмир онасининг Cobalt автомобилини юқори тезликда бошқарган. Тажрибасизлик оқибатида у машинани назорат қилишни йўқотиб, йўл ўртасидаги ёритиш устунига урилиб кетган.

Йўл-транспорт ҳодисаси натижасида ҳайдовчи оғир жароҳатлар билан жонлантириш бўлимига ётқизилган. Автомобиль салонида бўлган, 2010 йилда туғилган унинг синфдоши эса воқеа жойида вафот этган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Термиз тумани ички ишлар бўлими тергов гуруҳи томонидан жиноят иши қўзғатилган. Ҳодиса сабаблари ва барча тафсилотлар ўрганилмоқда.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар