Британиялик олимлар Арктика музларини сунъий равишда қалинлаштирмоқчи (видео)

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Британиянинг Реал Исе стартапи глобал иқлим ўзгариши сабабли қисқариб бораётган Арктика музликларини сунъий равишда қалинлаштириш технологиясини синовдан ўтказмоқда.
- Лойиҳа доирасида муз остидаги сувни насослар ёрдамида юзага чиқариб, унинг паст ҳароратда музлаши орқали қўшимча қават ҳосил қилиш кўзда тутилган.
Глобал иқлим ўзгариши оқибатида Арктикадаги музликлар тез суръатларда қисқариб бормоқда. Британиянинг Real Ice стартапи эса ушбу жараённи секинлаштириш мақсадида денгиз музларини сунъий равишда қалинлаштириш технологиясини синаб кўрмоқда. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.
Лойиҳанинг асосий ғояси қиш фаслида муз остидаги денгиз сувини насослар ёрдамида юзага чиқаришдан иборат. Бунинг учун аввал муз қатламида махсус тешиклар очилади. Кейин пастдаги сув муз юзасига чиқарилади. Ҳаво ҳарорати жуда паст бўлгани сабабли сув тезда музлаб, мавжуд муз қатлами устида қўшимча қават ҳосил қилади.
Тадқиқотчиларнинг фикрича, шу йўл билан қалинлаштирилган муз ёз фаслида одатдагидан узоқроқ сақланиши ва эриш жараёнини секинлаштириши мумкин.

Лойиҳа учун қанча маблағ ажратилган?
Британиянинг Advanced Research and Invention Agency (ARIA) ташкилоти Арктика музларини қайта қалинлаштириш бўйича умумий қиймати 9,9 миллион фунт стерлинг бўлган тадқиқот дастурини молиялаштирмоқда. Шундан 3,5 миллион фунт Real Ice стартапига ажратилган.
Тажрибалар Канаданинг Нунавут ҳудудида учта қиш мавсуми давомида ўтказилиши режалаштирилган. Дастлаб кичик майдонларда синовлар ўтказилиб, натижаларга қараб тажриба кўламини кенгайтириш кўзда тутилган.
Келажакда сувости дронлари ишга туширилиши мумкин
Лойиҳанинг кейинги босқичларида муз остида ҳаракатлана оладиган автоном сувости дронларидан фойдаланиш режалаштирилмоқда. Улар музда махсус тешиклар очиб, сувни автоматик равишда юзага чиқариши мумкин. Бу инсонларнинг ўта совуқ шароитда узоқ вақт ишлаш заруратини камайтиради.
Real Ice компаниясининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, технологияни бутун Арктика миқёсида қўллаш йилига тахминан 10 миллиард долларга тушиши мумкин.

Бу усул ҳақиқатан ҳам самара берадими?
Ҳозирча технологиянинг глобал иқлимга таъсири тўлиқ исботланмаган. Олимлар қалинлаштирилган муз ёзда қанча вақт сақланиши, денгиз экотизимига қандай таъсир кўрсатиши ва усулни катта ҳудудларда қўллаш имкониятини ўрганмоқда.
Айрим мутахассислар денгиз сувини муз юзасига чиқариш туз, озуқа моддалари ва микроорганизмлар миқдорига таъсир қилиши, шунингдек, маҳаллий табиат учун кутилмаган оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.
Тадқиқотчилар эса бу технология глобал исишга қарши курашда иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириш ўрнини боса олмаслигини таъкидламоқда. У ҳозирча иқлим ўзгаришига қарши қўшимча усул сифатида ўрганилмоқда.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар


























Изоҳлар0
…