Учтепадаги ёнғин: хонадонга қасддан ўт қўйиш аломатлари аниқланди

Учтепадаги ёнғин: хонадонга қасддан ўт қўйиш аломатлари аниқланди

Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида аёл ҳалок бўлган хонадон ёнғини юзасидан қасддан ўт қўйиш аломатлари аниқланган. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Қайд этилишича, 2026 йил 24 октябрь куни соат 02:00 лар атрофида тумандаги хонадонлардан бирида ёнғин содир бўлган. Ҳодиса жойидан 2000 йилда туғилган аёлнинг жасади топилган. Шунингдек, унинг елкасидан сон қисмигача бўлган жойларида термик жароҳатлар аниқланган.

Ҳодиса жойи кўздан кечирилганда ошхона, ётоқхона ва меҳмонхонада бир-бирига боғлиқ бўлмаган учта ёнғин ўчоғи борлиги маълум бўлган. Бундан ташқари, хонадонга қасддан ўт қўйилган бўлиши мумкинлигини кўрсатувчи аломатлар қайд этилган.

Мазкур ҳолат юзасидан 24 октябрь куни Учтепа тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисми, яъни қасддан одам ўлдириш моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тергов якунларига кўра, қонуний қарор қабул қилиниши ва воқеа тафсилотлари бўйича қўшимча маълумот берилиши билдирилган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар