Плутон ортидаги сирли сайёра олимлар эътиборини тортди

Плутон ортидаги сирли сайёра олимлар эътиборини тортди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Вера Rubin обсерваторияси астрономи Метю Холман Плутон орбитасидан ташқарида жойлашган 2026 ED138 номли янги митти сайёра номзодини аниқлади.
  • Қуёшдан тахминан 46 астрономик бирлик узоқликда жойлашган ушбу обектнинг диаметри 600 километрдан 1 500 километргача бўлиши тахмин қилинмоқда.

Олимлар Қуёш тизимида Плутон орбитасидан ташқарида жойлашган янги митти сайёра номзодини аниқлади. 2026 ED138 деб номланган ушбу осмон жисми ҳозирча шу турдаги энг йирик ва ёрқин объектлардан бири бўлиши мумкин. Бу ҳақда АҚШ Миллий илмий жамғармаси ва Энергетика вазирлиги билан ҳамкорликда фаолият олиб бораётган Вера Рубин обсерваторияси маълум қилди.

Қайд этилишича, янги объект жорий йилнинг 13 октябрь куни астроном Мэтю Холман томонидан обсерватория маълумотларини таҳлил қилиш вақтида кашф этилган. Дастлаб унинг ғайриоддий ёрқинлиги ва Қуёшдан жуда узоқ масофада жойлашгани тадқиқотчилар эътиборини ўзига жалб қилган.

Кейинчалик олимлар обсерватория архивларини қайта кўриб чиқиш жараёнида 2026 ED138’нинг аввалги кузатувларига ҳам дуч келган. Маълум бўлишича, ушбу осмон жисми жорий йилнинг 4 мартидан 11 июлигача бўлган даврда, жами 20 кеча давомида 30 марта кузатилган. Шунингдек, 2016 йилга тегишли архив суратлари ҳам объектнинг орбитасини аниқлаш ва унинг ҳаракатини ўрганишда муҳим ёрдам берган.

Ҳозирги ҳисоб-китобларга кўра, 2026 ED138 Қуёшдан тахминан 46 астрономик бирлик узоқликда жойлашган. Таққослаш учун, митти сайёра Плутоннинг Қуёшдан ўртача масофаси 40 астрономик бирликни ташкил этади. Бу эса янги объект Қуёш тизимининг анча олис ҳудудларида ҳаракатланишини англатади.

Дастлабки ҳисоблашлар натижасида янги осмон жисмининг диаметри 600 километрдан 1 500 километргача бўлиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Шу билан бирга, унинг орбитаси Қуёш тизимининг асосий текислигига нисбатан қарийб 25 даражага оғган.

Олимларнинг таъкидлашича, 2026 ED138’ни расман митти сайёра деб эътироф этиш учун ҳали қўшимча тадқиқотлар ва кузатувлар ўтказиш зарур. Жумладан, унинг аниқ ўлчамларини белгилаш, физик хусусиятларини ўрганиш ва табиатини тасдиқлаш мақсадида инфрақизил диапазонда кузатувлар олиб борилиши керак.

Агар янги объектнинг митти сайёра экани тасдиқланса, 2026 ED138 Халқаро астрономия иттифоқи томонидан расман тан олинган Плутон, Серера, Эрида, Хаумеа ва Макемаке каби осмон жисмлари қаторига қўшилиши мумкин. Бу эса Қуёш тизимининг олис ҳудудлари ҳақидаги илмий тасаввурларни янада бойитишга хизмат қилади.

Маълумот учун, Вера Рубин обсерваторияси 2026 йилнинг июнь ойида осмонни кенг кўламда ўрганишга қаратилган ўн йиллик тадқиқот дастурини бошлаган. Ушбу лойиҳа доирасида обсерватория жанубий яримшар осмонини мунтазам равишда суратга олиб, Қуёш тизими ва коинотдаги янги объектларни аниқлаш, уларнинг хусусиятларини ўрганиш ҳамда илмий кашфиётлар сонини оширишни режалаштирган.

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар